ЖАМИЯТ

Матбуот анжумани: Вилоят тижорат банклари фаолияти – янги имкониятлар ва ривожланиш йўналишлари

Бугун вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан “Вилоятда тижорат банклари фаолияти ва иқтисодий тараққиётга қўшилаётган ҳисса” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Анжуманда вилоятдаги банк муассасалари раҳбарлари, маҳаллий тадбиркорлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва иқтисодий таҳлилчилар иштирок этдилар.

2024 йилнинг ўтган 9 ойи давомида вилоятдаги банк секторида амалга оширилган ишлар, ажратилган кредитлар, янги иш ўринларининг яратилиши ҳамда банк инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги натижаларни жамоатчиликка етказиш мақсадида ўтказилган анжуманда, вилоят иқтисодиётини ривожлантиришга қаратилган истиқболли лойиҳалар ҳам тақдим этилди.

Таъкидланишича, 2024 йил 1 октябрь ҳолатига кўра вилоятда 13 та тижорат банкининг 16 та филиали, шунингдек, 98 та минибанк ва банк хизматлари кўрсатиш марказлари фаолият юритмоқда. Аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун қулайликлар яратиш мақсадида 10 та коммунал ва жамғарма кассалари ташкил этилган.

Бугунги кунда 96 та банк офиси барча турдаги молиявий хизматларни кўрсатиб келмоқда. Анжуманда банклар томонидан 6 трлн 134 млрд сўмлик кредитлар ажратилгани маълум қилинди. Бунинг 2 трлн 632 млрд сўми кичик бизнес субъектларига йўналтирилган.

Ажратилган кредитлар соҳалар кесимида қуйидаги йўналишларга сарфланган:

• Саноат: 811,5 млрд сўм
• Қишлоқ хўжалиги: 737,8 млрд сўм
• Савдо ва умумий овқатланиш: 503,9 млрд сўм
• Қурилиш: 301,1 млрд сўм
• Маиший хизмат кўрсатиш: 69,9 млрд сўм
• Транспорт ва алоқа: 48,3 млрд сўм
• Бошқа соҳалар: 160,4 млрд сўм

Ажратилган кредитлар орқали жами 50 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилгани алоҳида таъкидланди. Президентимизнинг қарорлари доирасида 43 минг 908 нафар фуқаро ва тадбиркорга 1 трлн 3 млрд сўмлик кредитлар ажратилган.

Анжуман давомида Президент қарорларининг ижроси натижалари ҳақида маълумот берилди. Жумладан:

  1. ПҚ-306-сонли қарор (2023 йил 14 сентябрь): 4 850 та тадбиркорлик субъектига 439 млрд сўм кредит ажратилди ва 10 мингдан ортиқ иш ўринлари яратилди.
  2. ПҚ-149-сонли қарор (2024 йил 2 апрель): 26 552 нафар тадбиркор ва фуқарога 424 млрд сўм имтиёзли кредит берилди, натижада 27 мингдан ортиқ иш ўринлари ташкил этилди.
  3. ПҚ-7-сонли қарор (2024 йил 9 январь): 12 506 нафар фуқарога 141 млрд сўм кредит ажратилди ва 13 мингдан зиёд иш ўринлари таъминланди.

Матбуот анжумани якунида банк сектори раҳбарлари вилоят иқтисодиётини ривожлантиришда янада самарали фаолият юритиш учун инновацион ечимлар жорий этиш ва аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш бўйича ишларни давом эттиришини таъкидлашди. Иштирокчиларнинг саволларига жавоб берилиб, келгусида банклар орқали янги лойиҳаларни молиялаштириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги режалар бўлишиб ўтилди.

Анжумани доирасида вилоятдаги йирик лойиҳалардан бири – “Ҳалқаро савдо” марказига пресс-тур уюштирилди. Унда ОАВ вакиллари “Термиз халқаро савдо маркази” фаолияти билан яқиндан танишди.

Мазкур эркин савдо зонаси Сурхондарё вилояти Термиз туманида, Ўзбекистон ва Афғонистон чегарасида жойлашган бўлиб, қиймати 70 миллион долларни, умумий майдони 36 гектарни ташкил этади.

Марказда 27/7 режимида Миллий банк ва Саноатқурилиш банк мижозларга хизмат кўрсатмоқда. 18 октябр ҳолатига кўра марказда 415 минг АҚШ доллари айирбошланган ва 132 та корхонанинг ҳисоб рақами очилган.

Шунингдек, журналистлар ҳудудда барпо этилган Hilton Garden Inn меҳмонхонаси, Akfa Medline замонавий тиббиёт клиникаси фаолияти билан ҳам танишишди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan