
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси сайлов тизими ва мазкур соҳага оид муносабатлар янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Конституциясининг 22-боби, Сайлов кодекси ва соҳани бевосита тартибга солишга қаратилган бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинган бўлиб, асосий қонунимиз 128-моддасининг биринчи қисмида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгаликлари, ҳар бир сайловчи бир овозга эга эканлиги, овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланиши кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 128-моддасининг иккинчи қисмида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда — октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши белгиланган. Бундан ушбу Конституцияда назарда тутилган муддатидан илгари сайлов ўтказиш ҳоллари мустасно.
Шу асосга кўра, жорий йил октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида, яъни 2024 йил 27 октябрь куни фуқароларимиз Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига бўлиб ўтадиган сайловда иштирок этиш орқали ўзларининг сайлашдан иборат сиёсий ҳуқуқларидан фойдаланадилар.
Сайловларда фаол иштирок этиш фуқароларнинг юксак ҳуқуқий онги ва маданияти даражасини белгилаб берувчи омиллардан бири ҳисобланиб, фуқаролар шу йўл билан давлат ва жамият бошқарувида ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларини демократик йўл билан шакллантиришда иштирок этишлари мумкин бўлиб, бунинг учун улар ўз навбатида сайловлар тўғрисидаги қонунчилик талабларини яхши билишлари лозим бўлади.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар сайлов қонунчилигини ҳам такомиллаштириш, ҳар бир фуқаронинг тенг сайлов ҳуқуқи кафолатларини кучайтириш мақсадида фуқароларга бир неча марта ёки бошқа шахслар номидан овоз бериш учун сайлов (овоз бериш) бюллетенларини берганлик учун жавобгарликни белгилаш заруриятини юзага келтирмоқда.
Шу мақсадда 2024 йил 4 сентябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-953-сонли Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига сайлов комиссиясининг ёки референдум ўтказувчи комиссиянинг аъзоси томонидан фуқарога бир неча марта ёки бошқа шахслар номидан овоз бериш учун сайлов (овоз бериш) бюллетенини берганлик, шунингдек сиёсий партияларга сайловда иштирок этиш учун ажратилган давлат маблағлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига оралиқ ёки якуний ҳисоботни тақдим этмаганлик ёки ўз вақтида тақдим этмаганлик ёхуд ҳисоботда била туриб нотўғри маълумотларни тақдим этганлик учун маъмурий жавобгарликни назарда тутувчи қўшимчалар киритилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси «Сайлов (овоз бериш) бюллетенларини бериш тартибини бузиш” деб номланган 5110-модда билан тўлдирилиб, унга кўра, сайлов комиссияси ёки референдум ўтказувчи комиссия аъзоси томонидан фуқароларга бир неча марта ёки бошқа шахслар номидан овоз бериш учун сайлов (овоз бериш) бюллетенларини беришдан иборат маъмурий ҳуқуқбузарлик базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланди.
Бундан ташқари, мазкур кодекс сайловда иштирок этиш учун ажратилган давлат маблағлари тўғрисидаги оралиқ ёки якуний ҳисоботни сиёсий партия томонидан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига тақдим этмаслик ёки ўз вақтида тақдим этмаслик ёхуд ҳисоботда била туриб нотўғри маълумотларни тақдим этишда ифодаланган маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик белгиловчи 5111-модда билан тўлдирилиб, ушбу ҳуқуқбузарликнинг содир этилиши мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланди.
Ҳудди
шунингдек, юқоридаги қонун билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг сайлов
ёки референдум ташкил қилиш, уларни ўтказиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик
учун жавобгарлик белгиланган
146-моддасининг диспозицияси “Сайлов ёки референдум ташкил қилиш, уларни
ўтказиш вақтида мансабдор шахслар, сиёсий партияларнинг ёки фуқаролар ўзини ўзи
бошқариш органларининг вакиллари, ташаббускор гуруҳларнинг ёки сайлов
комиссияларининг ёхуд референдум ўтказувчи комиссияларнинг аъзолари томонидан
овоз беришнинг яширинлигини бузиш, сайлов ёки референдум ҳужжатларини
қалбакилаштириш, сайлов (овоз бериш) бюллетенларига ёки имзо варақаларига сохта
ёзувлар киритиш, берилган овозларни била туриб нотўғри санаш” таҳририда баён
этилди.
Қонунчиликка киритилган ушбу ўзгартиришлар эса мамлакатимизда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи кафолатларини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, амалдаги қонунчилигимизда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи кафолатлари халқаро ҳуқуқ нормалари ва стандартларига мос равишда таъминланган бўлиб, фуқароларнинг сайловларда фаол иштирок этиши уларнинг юксак ҳуқуқий маданиятини белгилаб бериши билан бирга, уларнинг давлат ва жамият бошқарувида ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларини демократик йўл билан шакллантиришда иштирок этишларининг асосий усулларидан бири бўлиб ҳисобланади.
Асқар Мамараимов
Сурхондарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьси