ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

ГИЁҲВАНДЛИК – АСР ВАБОСИ

Кейинги асрларда бутун курраи заминга кенг тарқалган бир иллат бугунги кунда ҳаммамизга ташвиш бўлмоқда. Бу иллат – гиёҳвандликдир.

Дарҳақиқат, гиёҳвандлик нафақат бу иллат билан шуғулланувчиларга, балки бутун жамиятга таҳдид солади.

Инсон учун энг бебаҳо бойлик – бу соғлик-саломатликдир. Уни асраш эса ҳар биримизга омонат қилиб берилган. Ислом динида ҳам инсон жони, ақли ва сиҳат-саломатлигини сақлаш, муҳофаза этиш энг муҳим мақсадлардан бўлиб ҳисобланади.

Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш инсон камолотига, имон-эътиқодига хавф-хатар солиш билан бир қаторда мустақил мамлакатимиз ривожланиши ва тараққиётига ҳам ўта салбий таъсир кўрсатади.

Фикримизни бир жиноят тафсилотига қаратмоқчимиз.

Хусусан, Термиз шаҳридаги оилавий мактабгача таълим муассасаларнинг бирида ишчи вазифасида ишлаб келувчи Бахтиёт Хамраев (исм-фамилия ўзгартирилган) жорий йилнинг 4 июнь куни Термиз шаҳридаги “Санъат саройи” биноси ҳудудидаги автомобиллар турар жойида тезкор тадбирга мижоз сифатида жалб қилинган “Х” исмли шахсга гашиш гиёҳвандлик воситасини 500.000 сўмга сотиб ўтказади. Тезкор ходимлар томонидан ушбу гиёҳванд модда “Х” исмли шахсдан далилий ашё сифатида ҳужжатлатлаштириб олинади.

Бу ҳаракатини ҳеч ким пайқамади деган ҳаёлда бўлган Бахтиёр яна эртаси кунига, яъни 5 июнь куни давом эттирилган тезкор-тадбир давомида “Гулистон” маҳалласи ҳудудида тадбирга мижоз сифатида жалб қилинган “Х” исмли шахсга гашиш гиёҳвандлик воситасини 250.000 сўмга сотиб ўтказади, натижада ушбу гиёҳванд модда “Х” исмли шахсдан тезкор ходимлар томонидан далилий ашё сифатида ҳужжатлаштириб олинади.

Бахтиёрнинг бу галги оғу савдоси ўхшамади чоғи…

Тезкор ходимлар томонидан давом эттирилган 6 июнь кунги тезкор-тадбирда Бахтиёр яна ўша “Гулистон” маҳалласи ҳудудида жойлашган автомашина ювиш шахобчаси ёнида тадбирга мижоз сифатида жалб қилинган “Х” исмли шахсга гашиш гиёҳвандлик воситасини 250.000 сўмга сотиб ўтказган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан қўлга олинади ва қочишга уринади. Аммо ўйлаган режасига амалга ошмайди. Шу жойнинг ўзида сотмоқчи бўлган гиёҳванд модда далилий ашё сифатида ҳужжатлаштирилади.

Шу билан бирга унинг ёни кўздан кечирилганида “Х” исмли шахсга хатланиб берилган 2 дона 100.000 сўмлик купюрадаги пуллар чўнтагида эканлиги ҳамда бошқарувида бўлган Кобалт русумли автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганида, автомашина салонидан 2 дона гугурт қутиларга жойланган 12 бўлак гашиш гиёҳвандлик моддаси борлиги, уларни сотиш мақсадида сақлаб келаётганлиги аниқланиб, пуллар ва гиёҳвандлик моддаси холислар иштирокида келгусида текшириб кўриш учун далилий ашё тариқасида олинади.

Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида судланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатувларини тингланиб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, ишда мавжуд бўлган далилларга баҳо бериб, тарафларнинг музокара нутқларини муҳокама қилиб, суд оғуфуруш Бахтиёр Хамраевга нисбатан ўз ҳукмини эълон қилди.

Эндигина 25 ёшни қаршилаган ва бир нафар норасида фарзанднинг отаси Бахтиёр Хамраев 6 (олти) йил 6 (олти) ойини панжара ортида ўтказадиган бўлди.

Бундан ташқари, суд ҳукми билан унга нисбатан жазони ўташ жойларида наркомания (гашиш) касаллигига қарши мажбурий тиббий даволаш чорасини ҳам қўллади.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, инсон ҳаётига хавф туғдирадиган, айниқса, ёшлар ҳаётига раҳна солиши мумкин бўлган гиёҳвандликка қарши курашиш ҳар биримизнинг муҳим ишларимиздан бўлмоғи лозим. Зеро, миллатимиз, динимиз, яшаётган жамиятимиз учун  зарарли бўлган гиёҳвандлик иллатини йўқотиш  ва бу иллатни тарқалишини олдини олиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. 

АБДУСАЛОМ МИРЗАЕВ, Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди раиси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan