САЛОМАТЛИК

Болаларни кучли ва бўйдор қиладиган 6 та маҳсулот ҳақида биласизми?

Барча ота-оналар ўз фарзандларини бўйи баланд ва кучли бўлишини истайди. Бунинг учун болаларни нафақат ёшлигидан чиниқтириш керак, балки фойдали маҳсулотлар билан овқатлантириш лозим бўлади. Қуйидаги маҳсулотлар рўйхати фарзандингизни бўйдор ва кучли бўлишига ёрдам беради.

1. Сули ёрмаси

Сули ёрмасидан тайёрланган бўтқалар болалар учун энг фойдали озуқалардан биридир. Чунки сули ёрмаси Е, Б витамин ҳамда калий ва рух каби минералларга бойдир. Бу фойдали элемент ва витаминлар фарзандингизни кучли ва бўйдор қилиши билан бирга, ақлий қобилиятининг яхшиланишига ҳам ёрдам беради. Бундан ташқари пишириқлар ҳам тайёрлаш мумкин.

2.Тухум

Тухумнинг оқи организмда яхши ҳазм бўлади. Тухум сариғи эса витамин ва минералларга бой бўлиб, 20 дан ортиқроқ антиоксидантларни ўзида сақлайди. Булар эса боланинг ривожланишида, кўриш қобилиятини яхшилашда, асаб ва қон-томир тизимларида жуда ҳам фойдалидир. 100 грамм товуқ тухумида 12,7 оқсил, 11,5 грамм ёғ, 0,7 грамм углевод бўлиб, 157 Ккални ташкил қилади.

3.Дуккаклилар

Болалар организми яхши ривожланиши учун ҳайвон оқсилларидан кўра ўсимлик оқсиллари фойдалироқ. Тўғри, гўшт энг кўп оқсилга бой маҳсулот ҳисобланади, аммо дуккаклилар бу борада гўштдан қолишмайди. Дуккакли маҳсулотларнинг энг фойдалиси бу оқ ловия. Унинг таркибида аминокислоталар (лизин, триптофан, тирозин), A, Е, С, Б гуруҳи витаминлари ва минерал элементлар: калий, калций, магний, олтингугурт, темир, фтор, мис, синк ва бошқалар бор.

Оқ ловиянинг юз граммида 102 калория бор. 100 грамм маҳсулотда 7 грамм оқсил, 16,9 грамм углевод ва 0,5 грамм ёғ мавжуд. Унинг таркибидаги моддалар бола ривожланишида маҳсулотнинг қанчалар фойдали эканлигини кўрсатади.

4.Олма

Олманинг таркибида С, В1, В2, Е, A каби витаминлар, калий, марганес ва темир моддалари кўп миқдорда мавжуд. С ва В витаминлари барча аъзоларда модда алмашинувини яхшилайди. Қолаверса, Е дармондорилари организмдаги тери ва тўқималар ҳолатини тиклайди. Калий моддаси эса тиш эмали ва суяк тўқималарини мустаҳкамлайди. Булардан шуни англаш мумкинки, олма боланинг умумий ривожланиши учун муҳим аҳамиятга эга.

5.Мол гўшти

Мол гўшти таркибидаги экстрактив моддалар ошқозон шираси ажралишини фаоллаштиради ва овқат ҳазмини яхшилайди. В, Е, A, С гуруҳига кирувчи витаминлар, турли минераллар, микроелементлар сероб бўлгани учун ҳам кўпинча бемор болалар овқати таркибига қўшилади. Шунингдек, мол гўштида магний, мис, натрий, рух, темир ва калий мавжуд. Мол жигари темир моддасининг конидир. Шунинг учун у камқон беморларга тавсия қилинади. Унинг таркибидаги Б1 ва Б12 моддалари боланинг бўйини ўстиришга ёрдам беради.

6.Ёнғоқ

Ёнғоқ таркибидаги калций, фосфор ва Е витамини боланинг баланд бўйли ва кучли бўлишига ёрдам беради. Бундан ташқари, ёнғоқ таркибида Б2, Б12, A, Д, C витаминлари бор. Ёнғоқ кучли аллергия қўзғатувчи маҳсулот бўлганлиги учун уни истеъмол қилишда меъёрга риоя қилиш лозим. Болаларга фақат 3 ёшдан бошлаб ёнғоқ бериш мумкин.

Умуман олганда, ҳар бир маҳсулотни меъёрида истеъмол қилиш барчамиз учун фойдали. Саҳифа интернет маълумотлари асосида тайёрланди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan