
Автомобиль йўлларида ҳаракат иштирокчилари ҳавфсизлигини таъминлаш ҳамда транспортлар ҳаракатини тартибга солишда йўл ётиқ чизиқлари муҳим аҳамиятга эга. Бунинг учун эса ўз навбатида ётиқ чизиқларнинг кўринарли ҳолатда узоқ муддат сақланиши зарур.
Термиз давлат университети олимлари томонидан йўлларда ётиқ чизиқларни чизишда ишлатиш учун янги бўёқ тури яратилди. Аввалги бўёқлар хориждан келтирилган бўлиб, чизилгандан кейин икки ой муддатгача турган. Воҳамиз олимлари яратган бўёқлар эса хориждан келтириладиган бўёқлардан 3 баравар арзон бўлиб, чизилган ётиқ чизиқлар 6 ойгача сақланиб туриши билдирилмоқда.
Ҳозирги кунда ушбу бўёқдан синов тариқасида Термиз давлат университети атрофидаги автомобиль йўлларидаги пиёдалар йўлакчаларини чизишда ишлатилмоқда. Синовлар самарали натижа берса маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳамда барча йўлларда фойдаланиш йўлга қўйилади.
Эслатиб ўтамиз, вилоят ҳокимининг жорий ўқув йили бошида университет фаолияти билан танишуви чоғида олимлар томонидан ушбу бўёқ турини яратиш жараёнлари тақдимот қилинган эди.