
Бугун юртимиз тасвирий санъатининг улкан намояндаси, Ўзбекистон Бадиий академияси ҳақиқий аъзоси, Ўзбекистон санъат арбоби, «Фидокорона хизматлари учун» ордени соҳиби, устоз рассом ВЛАДИМИР БУРМАКИН 87 ёшида вафот этди.
Ўтган асрнинг 70-йиллари ўртасида В. Бурмакин муҳташам “Халқлар дўстлиги” саройи, “Пахтакор” метроси бекати, “Меҳнат заҳиралари” спорт комплекси ҳамда “Зарафшон” ресторанининг юз қисмига безаклар берган.
Шунингдек, турли иншоотлардаги мозаикалар, Тошкент аэропорти ҳамда Сенат биносининг ички қисмидаги бетакрор чизмалар, «Бойсун мадоннаси», «Дарахт ҳақидаги қўшиқ», «Ўзбекистон физика фани арбоблари» сингари юзлаб гўзал асарлар муаллифи сифатида ном қолдирди.
В. Бурмакин юртимиз ҳамда Россия Федерацияси,Буюк Британия, Франция, АҚШ, Германия, Болгария, Туркия, Польша ва бошқа мамлакатларда кўплаб кўргазмаларда иштирок этди.
Унинг ишлари кўплаб музейлар, галереялар ва шахсий коллекцияларда сақланади. Биргина Германиянинг Кёлн шаҳри яқинида жойлашган Гуммерсбах шаҳарчасидаги ЭКЮ-Отель галереясида 200 дан ортиқ ишлари тўпланган.
В. Бурмакин қирқ йилдан ортиқ Тошкент рассомчилик таълим муассасаларида дарс бериб, ўнлаб қобилиятли рассомларни тарбиялади ва улар ҳозирда Ўзбекистоннинг машҳур рассомлари қаторига киради.