
Эрон тез орада Россияга баллистик ракеталар етказиб бериши мумкин, деб хабар берди Bloomberg 2 сентябрь, душанба куни Европа расмийларига таяниб. Улар эҳтимолий етказиб бериш турлари ва кўламини кўрсатмади ва вақтни аниқлаштирмади, аммо агентлик суҳбатдошларидан бири масала яқин кунларда ҳал этилишига ишонч билдирди.
АҚШ ва бошқа НАТО иттифоқчилари Теҳронни бундай ҳаракатдан тийилиш тўғрисида бир неча бор огоҳлантирган ва бунинг олдини олиш учун дипломатик саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Оқ уй миллий хавфсизлик кенгаши, Эрон ташқи ишлар вазирлиги ва унинг БМТдаги миссияси Bloombergнинг изоҳ бериш сўровларига жавоб қайтармади.
Агентлик қайд этишича, Москва Шимолий Кореядан қурол-яроғ етказиб беришга ҳам таянади, Хитой технологияси ва асосий компонентлари ҳисобига ишлаб чиқариш қувватини сақлаб қолади. Теҳрон, шунингдек, икки ярим йиллик уруш давомида Россияга юзлаб учувчисиз учоқлар етказиб берган.