
Туркия ҳукумати бир неча ой олдин BRICS’га аъзо бўлиш учун ариза топширган. Бу ҳақда манбаларига таяниб, “Bloomberg” хабар берди.
Агентликнинг ёзишича, шу йўл билан Туркия дунёда ўз таъсирини кучайтириш ва ривожланаётган давлатлар билан алоқаларни кенгайтиришга интилмоқда. Бундан ташқари, BRICS’га қизиқиш Европа Иттифоқига қўшилиш бўйича прогресс йўқлиги ва НАТО иттифоқчилари билан келишмовчиликлар фонида пайдо бўлди.
“Bloomberg”га кўра, мамлакат Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Ғарб геосиёсий марказ сифатидаги мавқеини йўқотмоқда ва кўп қутбли дунёнинг турли ўйинчилари билан муносабатларни ривожлантиришдан манфаатдор, деб ҳисоблайди. Агентлик маълумотларига кўра, ассоциацияни кенгайтириш масаласи 22-24 октябрь кунлари Қозон шаҳрида бўлиб ўтадиган BRICS саммитида кўриб чиқилиши мумкин.
BRICS’га 2006 йилда Бразилия, Россия, Ҳиндистон ва Хитой томонидан асос солинган ва 2011 йилда Жанубий Африка унга аъзо бўлган. 2024 йилнинг 1 январида Миср, Эрон, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони ва Эфиопия гуруҳнинг тўлиқ аъзоси бўлди. Бу йил ассоциацияга Россия раислик қилмоқда.