
Россиянинг Нижний Новгород вилоятида микроавтобус йўл-транспорт ҳодисасига учраши оқибатида ўзбекистонлик 8 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Нижний Новгород вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекцияси матбуот хизмати хабар берди.
М-12 трассасида минивэн ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, машина икки марта тўсиққа урилган ва ағдарилган. Машина ичида жами 12 киши бўлган. ЙТҲ оқибатида 8 киши воқеа жойида ҳалок бўлган. Ҳайдовчи ва 3 йўловчи шифохонага ётқизилган. Машинадаги одамларнинг 11 нафари Ўзбекистон фуқароси бўлган ва улар Россияда қонуний ишлаб юрган.
Ҳайдовчи 32 ёшли Тожикистон фуқароси бўлиб, унинг сўзларига кўра, микроавтобус юк машинаси билан тўқнашиб кетган ва бошқарувни йўқотган, шундан сўнг ҳалокатли воқеа содир бўлган.
Мазкур ҳодиса юзасидан Россия Жиноят кодексининг 264-моддаси 5-қисми (Эҳтиётсизлик оқибатида икки ёки ундан ортиқ шахснинг ўлимига сабаб бўлган йўл ҳаракати ва транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда ва бир қатор экспертиза тайинланган. Ҳайдовчи ва уч йўловчи эса шифохонада қолмоқда.