
Фаластин октябрь ойида Қозонда ўтказиладиган саммитдан кейин БРИКС аъзолиги учун ариза бериш ниятида. Бу ҳақда мамлакатнинг Россиядаги элчиси Абдул Ҳофиз Нофал маълум қилди.
«Саммитдаги биринчи иштирокимиздан кейин биз ушбу ташкилотга қўшилиш бўйича сўров юборамиз. Ва Россия президенти Владимир Путин сессия тўлиқ Фаластинга бағишланишига ваъда берди, шу боис ушбу саммитдан фақат ижобий натижаларни кутмоқдамиз», — дейди элчи.
Нофал, шунингдек, саммитга таклиф этилганини Фаластин халқини қўллаб-қувватлаш белгиси деб атади. Халқаро гуруҳнинг навбатдаги саммити 22-24 октябрь кунлари Қозонда бўлиб ўтади.
Маълумот ўрнида, БРИКС — иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти. 2001 йилда британиялик иқтисодчи Жим Онил жаҳон иқтисодини ўрганиш жараёнида бир гуруҳ катта давлатларда иқтисодий тизимли ўсишга эътибор бериб, шартли равишда БРИК деб атайди (Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой). 2010 йилда бунга ЖАР қўшилди, бугун ташкилотда тўққизта давлат бор.
2023 йил 23 август куни ЖАР президенти Сирил Рамапоса Аргентина, Эрон, Саудия Арабистони, Миср, Эфиопия ва Бирлашган Араб Амирликларига тўлақонли аъзо сифатида ташкилотга қўшилиш таклифи билдирилганини маълум қилганди. Кейинриоқ Аргентина БРИКС’га қўшилишдан бош тортган.
Аввалроқ Озарбойжон БРИСС аъзоси бўлиш учун расман ариза топширган эди. 2024 йилнинг июль охирларида Малайзия БРИКС’га раислик қилаётган Россияга гуруҳга қўшилиш бўйича расмий сўров юборганди. 27 июль куни Куала-Лумпурга ташриф билан келган Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашувида Малайзиянинг гуруҳга қўшилиши масаласи асосий бўлган.