Ҳиндистон шимолида бугун, 18 июль куни йўловчи поездининг рельсдан чиқиб кетиши оқибатида камида икки йўловчи ҳалок бўлди, 20 киши жароҳатланди. Бу ҳақда ABC News хабар берди.

Давлатнинг ёрдам кўрсатиш масалалари бўйича комиссари Навин Кумарнинг айтишича, ҳалокат жойига ўнлаб қутқарувчилар, 40 кишилик шифокорлар гуруҳи ва тез тиббий ёрдам бригадаси ҳамда 15 тез ёрдам машинаси етиб келган. Унинг сўзларига кўра, жароҳатланганлар шифохоналар ва ҳукуматнинг соғлиқни сақлаш марказларига етказилган.
Темирйўл расмийлари айни пайтда ҳодиса сабаблари ўрганилаётганини билдирган.
Маълумот учун, 2023 йилда Ҳиндистоннинг шарқий қисмида поезд ҳалокати 280 дан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган эди. 12 миллиондан ортиқ одам мамлакат бўйлаб кунига 14 мингта поездда ҳаракатланиб, 64 минг километр (40 минг миля) йўлда саёҳат қилади. Ҳукуматнинг темирйўл хавфсизлигини яхшилашга қаратилган саъй-ҳаракатларига қарамай, ҳар йили бир неча юзлаб бахтсиз ҳодисалар содир бўлади, уларнинг аксарияти инсон хатоси ёки эскирган сигнализация ускуналари билан боғлиқ.