
Австрия қурғоқчиликдан азият чекмоқда. Ёмғир камлиги туфайли мамлакатнинг ярмида ер ости сувлари даражаси сезиларли даражада пасайди, Австрия шарқидаги Цикзе кўли бутунлай қуриб қолди, деб хабар беради Euronews.
Маҳаллий аҳоли кўлнинг қуриб қолган тубидан танга ва тақинчоқлар қидирмоқда. Топилмалар орасида балиқ суяклари ҳам бор: бир неча ой олдин бу ерда минглаб балиқлар нобуд бўлган.
«Биз кўл қуриб кетишини билардик. Агар расмийлар балиқларни сақлаб қолишни эртароқ бошлаганларида, яна кўплари тирик қолган бўларди. Буни кўриш даҳшатли. Бу ердан ўлик балиқларни контейнерларда олиб кетишган», – дейди маҳаллий аҳоли вакили Вальтер.
Австрия ҳукумати ичимлик суви инфратузилмасига сармоя киритиш орқали муаммога қарши курашишга ҳаракат қилмоқда ва қудуқларни бурғулаш устида ишламоқда.