КОРРУПЦИЯ

Сурхондарёда жорий йилнинг ўтган даврида 1 нафар божхона ходими, 2 нафар ҳоким ёрдамчилари томонидан жиноят содир этилган

Кеча Сурхондарё вилояти Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий Кенгашнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси, вилоят бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бошқармаси ҳамда вилоят Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш бошқармаси  масъулларининг идора ва ташкилотлар фаолияти очиқлигининг таъминланганлик ҳолати ҳамда коррупцияга қарши курашиш, унинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ҳисоботи тингланди.

Дастлаб иштирокчилар божхона органларидаги коррупцияга қарши курашиш йўналишида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг даврий ҳисоботи билан таништирилиб, аниқланаётган жиноий ҳолатларни юзага келтираётган омиллар бўйича ўзаро фикр алмашишди.

Қайд этилишича, “Коррупциявий хавфларни бошқариш” дастури орқали манфаатлар тўнашувини аниқлаш механизмлари автоматлаштирилганлиги натижасида жорий йилнинг ўтган олти ойида 3 нафар ходимлар қонунчиликка зид равишда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётганлиги, шунингдек, божхона бошқармаси томонидан 1  нафар ходимга жиноят иши қўзғатилганлиги, ходимларнинг ноқонуний ҳаракатлари учун 16 та хизмат текширувлари ўтказилиб, якуни бўйича 11 нафар ходимга интизомий жазо  қўлланилган.

Бундан ташқари, коррупция ва бошқа салбий ҳолатларнинг олдини олиш борасида 15 нафар ходим коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан “Комплаенс – назорат тизими” йўналишида ўқитилганлиги, ишга қабул қилишда шаффофликни таъминлаш мақсадида қўмита расмий веб-сайтида “Божхона органлари хизматига ишга жойлашиш” онлайн саҳифаси жорий қилинганлиги, умумий тартибда 62та, якка тартибда 67 маротаба профилактик тарбиявий ишлар олиб борилганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Йиғилишда божхона органларида коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилиниб, мутахассислар томонидан бу борадаги фаолиятни янада фаоллаштиришга оид таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Шундан сўнг, вилоят Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Яраш Худойқуловнинг давлат бошқарувини такомиллаштириш дастурини ҳаётга татбиқ этиш борасида олиб борилган ишлар юзасидан ҳисоботи тингланди.

Таъкидланишича, ҳозирги кунда 724 та маҳалла фуқаролар йиғинининг 720 тасида ҳоким ёрдамчилари фаолият кўрсатиб келмоқда. Маҳалларда  коррупциянинг илдизларини бартараф қилиш учун мунтазам равишда ислоҳотлар олиб борилмоқда.

– Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 50 та профилатик тадбирлар ўтказдик,- дейди вилоят Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Яраш Худойқулов. -Ўтказилган профилактик тадбирларда 720 нафар ҳоким ёрдамчилари ҳамда 100 га яқин марказ ходимлари иштирок этдилар. Айтиш керакки, бизнинг соҳада ҳам қонун бузилиш холатлари учраб турибди. Жумладан, 2024 йилда ҳоким ёрдамчилари томонидан 2 та жиноят содир этилган. Денов туман “Кўкабулоқ” маҳалласи, Жарқўрғон туман “Марказий Сурхон” маҳалласи ҳоким ёрдамчилари ажратилган имтиёзли кредит маблағларини  таъминотчиларга ўтказиб, шахсий эхтиёжларига ишлатиб юборган. 2024 йилнинг ўтган олти ойи давомида 126 та ҳоким ёрдамчилари томонлар келишувига кўра бошқа ишга ўтган, 15 нафар ҳоким ёрдамчиси лавозими кўтарилган, 86 нафар ҳоким ёрдамчиларига интизомий чоралар кўрилган. Бугунги кунда ушбу холатлар такрорланмаслиги учун доимий тарғибот ишлари амалга оширилмоқда.

Тадбирда иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Сурхондарё вилоят бошқармаси бошлиғи Худойберди Нормаматов ҳам ҳисобот берди.

-Вилоятда 2024-йилнинг 1-июн ҳолатига пенсия олувчиларнинг умумий сони 268 066 нафарни, яъни вилоят аҳолисининг 9,3%ни ташкил этади ҳамда 2024-йилнинг ўтган даврига нисбатан 5 572 нафарга кўпайган,- дейди бошқарма бошлиғи Худойберди Нормаматов. – Тизим ходимлари коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик мақсадида барча туман, шаҳар бўлимлари жойлашган биноларга пенсия жамғармасининг “1271” қисқа рақамли ишонч телефони жойлаштирилди. Телеграмм мессенжерида “Сурхондарё пенсия” электрон мурожаат канали ташкил қилинди. Шунингдек, биноларда фуқароларнинг таклифлари, ходимларнинг таъмагирлик ҳолатлари ва қўпол муомаласи бўйича мурожаат қилишлари мумкинлиги буйича “Махсус қути” лар ташкил қилинди.

Бошқарма бошлиқларининг ҳисоботлар тинглангач, масъулларга очиқликка оид қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этиш, очиқ маълумотларни ўз вақтида, тўғри ва тўлиқ эълон қилиб бориш билан боғлиқ аниқ вазифалар берилди.

Мазкур мақола Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши ҳузуридаги Жамоат фонди грант маблағи асосида “Коррупциясиз ҳаёт” лойиҳаси доирасида тайёрланди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan