ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО КОРРУПЦИЯ

“Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида қарийб 1 млрд сўм пул талон-торож қилинди

“Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида қарийб 1 миллиард сўм бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланиб, жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Қайд этилишича, агентлик томонидан 2023 йил давомида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги “Ўқув таълим-таъминот” давлат муассасаси томонидан “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида республика бюджети ҳисобидан харид қилинган компьютер ва бошқа воситаларнинг тавсия этилган техник топшириқларга мувофиқлиги ҳамда молиявий маблағлардан фойдаланишнинг оқилоналиги, тежамкорлиги ва самарадорлиги Фарғона, Наманган, Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида жойига чиққан ҳолда ўрганилди.

Етказиб  берилган компьютерларнинг техник хусусиятлари ўрганилганида шартномада кўрсатилган талаблар тўлиқ бажарилмагани аниқланди. Ўрганиш якунлари бўйича тўпланган ҳужжатлар масъул шахсларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига юборилди.

Мазкур ҳолат юзасидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Тошкент шаҳар бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, “Ўқув таълим-таъминот” ДМ ва Smart Sales Leader МЧЖ ўртасида тузилган шартномага асосан, жамият томонидан етказиб берилиши лозим бўлган қўшимча электрон воситалар етказиб берилмасдан, жами 919 миллион 360 минг сўм бюджет маблағлари ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилингани аниқланган.

Ҳолат юзасидан Департаментнинг Тошкент шаҳар бўлими томонидан “Ўқув таълим-таъминот” ДМ ва Smart Sales Leader МЧЖ мансабдорларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ҳамда 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan