ДУНЁ

Қозоғистон собиқ иқтисодиёт вазири Куандик Бишимбаевнинг ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди

Остона апелляция суди рафиқаси Салтанат Нукеновани қийноққа солиб ўлдирганликда айбланиб, 24 йилга озодликдан маҳрум этилган Қозоғистон собиқ иқтисодиёт вазири Куандик Бишимбаевга нисбатан чиқарилган ҳукмни ўз кучида қолдирди.

26 июнь куни Остона апелляция суди рафиқаси Салтанат Нукеновани ўлдирганликда айбланган Қозоғистон собиқ миллий иқтисодиёт вазири Куандик Бишимбаевга нисбатан чиқарилган ҳукмни ўз кучида қолдирди, деб ёзмоқда Zakon.kz.

Бишимбаевнинг жиноятни яширишда айбланиб, 4 йилга озодликдан маҳрум этилган амакиваччаси Бахитжан Байжановнинг ҳукми ҳам ўзгаришсиз қолдирилди.

Суд қарор устидан кассация тартибида Қозоғистон Олий судига шикоят қилиш мумкинлигини таъкидлади.

13 май куни жиноят ишлари бўйича Остона суди ҳакамлар ҳайъати Бишимбаевни Нукеновани ўта шафқатсизларча қийноққа солиш ва ўлдиришда айбдор деб топиб, 24 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.

Тергов материалларига кўра, 2023 йилнинг 8 ноябридан 9 ноябрига ўтар кечаси Бишимбаев Остонадаги Bau ресторанида жанжал оқибатида 31 ёшли Нукеновани уриб ўлдирган.

Айблов, шунингдек, Бишимбаев Нукеновани мунтазам калтаклаб келгани, унга ишлашни тақиқлагани ва мулоқот доирасини чеклаганини кўрсатган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan