
Россия армияси Украинага биринчи марта FAB-3000 ўта оғир бомбасини ташлади. Бу ҳақда “BILD” нашрининг очиқ маълумотлар бўйича таҳлилчиси Юлиан Рёпке маълум қилди.
Экспертнинг сўзларига кўра, Россия илк бор қўллаган FAB-3000 M-54 UMPK бомбаси авиабомбани бошқариш бўйича рус модели бўлиб, мамлакат уни Украинага ташлаб, Харьков вилоятининг Липси қишлоғидаги “Янги почта” биносига зарба берган. Оғирлиги умумий 3 тонна бўлган бомбанинг 1,2 тонналик жанговар каллак қисми бинодан 15 метр узоқликда қулаган. Шундай бўлса-да, бинога жиддий зарар етказган.
Хабарда келтирилишича, Z-каналлар ҳам Россиянинг янги авиабомбадан фойдаланилганини тасдиқлаган. Telegram’даги Fighterbomber канали қуролдан фойдаланиш жараёни акс этган видеони эълон қилган. Ҳужум вақтида Украина Қуролли кучлари вақтинчалик фойдаланаётган 3 қаватли бино нишонга олингани маълум қилинган.
“FAB-3000 бомбасининг узлуксиз шикастланиш радиуси 230 метрни ташкил этади ва парчалар 1240 метр масофада ҳалокат кучини сақлаб қолади”, дея ёзган Fighterbomber.