Қурбон ҳайитининг биринчи куни воҳада шоду хуррамлик ва шукроналик кайфиятида бошланди.

Муборак куннинг эрта тонгидан вилоятимиздаги 130 та жоме масжидларида ҳайит намози ўқилди. Унда 196 мингдан ортиқ намозхон саодатли кун ибодатини адо этди.

Хусусан, Термиз шаҳридаги Ҳаким Термизий жоме масжиди ҳам эрта тонгдан юртдошларимиз билан гавжум бўлди.

Қурбон ҳайити намозини адо этиш учун келган мусулмонлар тинч-осуда ва фаровон ҳаётга шукрона айтиб, элимизга тинчлик-хотиржамлик, омонлик, қут-барака тилаб дуога қўл очди.

Шунингдек, хайру-саховат айёмида вилоятимизнинг шаҳар ва туманларида кўмакка муҳтож, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар, якка ёлғиз кексалар, уйда ётиб қолган беморлар ҳолидан хабар олиниб, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда байрам совғалари етказиб берилмоқда.