ДУНЁ

БМТ: Ғазо секторида 330 минг тонна чиқинди аҳоли пунктларида тўпланган

Блокадаги Ғазо сектори бўйлаб аҳоли пунктларида ёки яқинида 330 минг тонна чиқиндилар тўпланиб, атроф-муҳит ва инсон саломатлиги учун ҳалокатли хавф туғдирмоқда. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлигининг (UNRWA) X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилинди.

“9 июнь ҳолатига кўра, Ғазо аҳоли пунктларида ёки яқинида 330 минг тоннадан ортиқ чиқинди тўпланган, бу эса атроф-муҳит ва инсон саломатлиги учун ҳалокатли хавф туғдиради”, — дейилади ҳисоботда.

Нашрда болаларнинг ахлатхонани вайрон қилаётгани тасвирланган фотосуратлар мавжуд. «Болалар ҳар куни ахлатни титкилайдилар», деб таъкидлади БМТ ташкилоти.

UNRWA нормал ҳаёт шароитларини тиклаш учун Фаластин анклавида гуманитар ёрдамнинг тўсиқсиз киришини таъминлаш ва зудлик билан ўт очишни тўхтатиш зарурлигини таъкидлади.

5 июнь куни UNRWA Исроилнинг Ғазо секторига қилган ҳужумлари миллионлаб фаластинликлар ҳаётини бутунлай ўзгартириб юборганини ва тоза сув, ҳаво, озиқ-овқат ва тирикчилик манбаларига боғлиқ бўлган атроф-муҳитга катта зарар етказганини айтди.

Саккиз ойдан ортиқ давом этган Исроил ҳужумлари блокададаги Ғазо секторининг катта ҳудудларини вайронага айлантирди. Исроил блокадаси туфайли маҳаллий аҳоли озиқ-овқат, тоза сув ва дори-дармонларнинг кескин танқислигига дуч келди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan