Венгрия бизнеси Ўзбекистон билан сайёҳлик соҳасида ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдирмоқда
Ўзбекистон элчиси Ойбек Шахавдинов Венгриянинг «Matild Palace» меҳмонхонаси бош менежери Селим Улмас билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё»АА мухбири.

Унда Венгрия томони меҳмонхона бизнесида, айниқса, туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга юксак баҳо берди.
Музокаралар чоғида меҳмонхона бизнеси учун давлат томонидан берилаётган имтиёзлар атрофлича муҳокама қилинди. Меҳмонхона бош менежери Ўзбекистон билан шериклик ва ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ҳамда Тошкент шаҳрида йирик меҳмонхона очиш лойиҳасини амалга оширишдан манфаатдор эканлигини билдирди.
Шунингдек, Селим Ульмасга 30 июньдан Тошкент-Будапешт-Тошкент йўналиши бўйича авиақатновлар қайта тикланиши кутилаётгани ҳақида маълум қилинди. «Ушбу парвоз Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш истагини билдирган венгриялик ишбилармонлар учун кўплаб имкониятлар яратади», – деб таъкидлади у.
Шунингдек, суҳбат давомида туризм соҳасида бир қатор қўшма тадбирлар ташкил этиш режалари ҳақида сўз борди.