Эрон шимоли-ғарбидаги Ардабил вилоятида Исроилнинг “Моссад” хорижий разведка хизмати жосуси қўлга олинди. Бу ҳақда IRNA нашри хабар берди.

Манбада айтилишича, ҳибсга олинган шахс Эроннинг Разведка вазирлиги томонидан қидирувда бўлган. У 5 июнь куни Ардабил вилояти прокуратураси томонидан ҳибсга олинган.
“Моссад” агенти бир қанча вақт олдин яширин равишда Эрон ҳудудига кириб келгани хабар қилинган. У махсус вазифа билан мамлакатнинг бир нечта вилоятларига борган.
Ардабил вилояти прокуратураси маълумотларига кўра, агент ижтимоий тармоқлар орқали “Моссад”нинг юқори мартабали зобитлари билан доимий алоқада бўлган. Эрон ичида маълумот тўплаб, Тель-Авивга узатиб турган.
Расмийлар ҳибсга олинган жосус жанубий Эрондан эканлигини айтган. У ҳибсга олингач, ижтимоий тармоқдаги фойдаланувчи аккаунтлари ва тегишли маълумотлари “Моссад” томонидан ўчириб ташланган.
Исроил расмийлари Эронда “Моссад” агенти қўлга олиниши билан боғлиқ ҳолатга муносабат билдирмаган.