TA'LIM ЎЗБЕКИСТОН

Судьялар олий мактабига хотин-қизлар учун қўшимча квота белгиланди

Судьялар олий мактабининг судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш бўйича курсига 2024/2025-ўқув йили учун хотин-қизлар учун 20 та қўшимча квота белгиланди.

Ўзбекистон Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабининг судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсига қабул 7 майдан бошланди. Фуқаролик, жиноят, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқ ихтисосликлари бўйича судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курси бир йиллик магистратура таълим дастури бўйича давлат грантлари асосида амалга оширилади.

Тайёрлаш курсига 34 ёшдан кичик бўлмаган (шунингдек, 2024 йилнинг 31 декабригача 34 ёшга тўладиган), олий юридик маълумотга ва юридик ихтисослиги бўйича камида йиллик иш стажига эга бўлган Ўзбекистон фуқаролари қабул қилинади.

Судьялар олий мактаби директори ўринбосари Дилшод Исроиловнинг “Дарё” мухбирига маълум қилишича 2024/2025-ўқув йили учун 160 та қабул квотаси белгиланди.

Шундан:

  • жиноят ҳуқуқи йўналиши бўйича 70 та,
  • фуқаролик ҳуқуқи йўналиши бўйича 40 та,
  • иқтисодий ҳуқуқ йўналиши бўйича 15 та,
  • маъмурий ҳуқуқ йўналиши бўйича 15 та.

Бундан ташқари, хотин-қизлар учун 20 та қўшимча квота (ҳар бир суд йўналиши бўйича 5 тадан) белгиланди.

2024 йил 4 июнь ҳолатга кўра, жами 589 нафар талабгор ҳужжат топширган. Уларнинг 322 нафари жиноят ҳуқуқи, 121 нафари фуқаролик, 87 нафари, иқтисодий ва 59 нафари маъмурий ҳуқуқ йўланишда таҳсил олиш истагини билдирган. Ҳудудлар кесимида олинадиган бўлса, энг кўп талабгорлар Тошкент шаҳри, Самарқанд, Фарғона ва Андижон вилоятларига тўғри келмоқда. Жиззах, Навойи ва Сирдарё вилоятлари мисолида бунинг акси кузатилмоқда.

Талабгорларнинг 339 нафари суд тизими, 47 нафари адлия, 52 нафари ички ишлар, 22 нафари прокуратура органларида, 36 нафари адвокатура тизимида фаолият  кўрсатиб келаётган мутахассислар ҳисобланади.

Маълумот учун, талабгорлардан ҳужжатлар 7 июнгача (шуни куни ҳам) қабул қилинади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan