9-май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Термиз давлат университетининг бир гуруҳ масъуллари II Жаҳон уруши қатнашчиси Шоҳимардон Ҳамроевнинг хонадонида бўлишди.

Эндигина 18 ёшни қаршилаган бойсунлик Шоҳимардон Ҳамроев умрининг энг гуллаган йилларини II Жаҳон урушининг оловли жангоҳларида ўтказади. У даҳшатли уруш жараёнида Варонеж, Латвия, Литвия, Эстония каби давлатларни душмандан озод қилишга ўз ҳиссасини қўшган.
Ватанига қайтган қаҳрамон педагогика соҳасида ўқишни тамомлаб, 40 йил давомида Бойсун туманидаги мактабда рус-тили фанидан дарс бериб келди. Шу заҳматли касби ортидан «Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси” нишони билан тақдирланди. Айни пайтда 104 ёшни қаршилаган Шоҳимардон Ҳамроев 11 нафар фарзанд, 48 нафар невара, 70 нафар чевара ва 7 нафар эваралари қуршовида умргузаронлик қилмоқда.
-Мен Шоҳимардон Ҳамроев — 4 йил умрим уруш жангоҳларида кечди. Кимлар учундур қисқа фурсатдек туюлган бу йиллар давомида кечган урушнинг даҳшатини бутун умрим давомида унутолмадим. Ҳатто ҳозир ҳам ўша воқеалар гавдаланаверади. Гоҳ тушумда, гоҳ ўнгимда сафдошларимни кўраман…ўша кунларни эсларканман, шундай тинч замонда яшаётганимга шукур қиламан, аслида одамзод учун тинчлик, тотувликдан қадрлироқ неъмат йўқлигини, даврнинг ўзи кўрсатиб турибди…