ҲУҚУҚ

НИКОҲНИ ҚАЙД ЭТИШ ТАРТИБИ

Никоҳланувчиларнинг ўзаро розиликлари ва уларнинг никоҳ ёшига етганликлари никоҳ тузишнинг асосий шартлари ҳисобланади.

Узрли сабаблар мавжуд бўлганда, алоҳида ҳолатларда (ҳомиладорлик, бола туғилиши, вояга етмаганнинг тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши — эмансипация), никоҳ тузишни хоҳловчи шахсларнинг илтимосига кўра, никоҳ тузилганлигини қайд этиш жойидаги туман, шаҳар ҳокими томонидан никоҳга кириш ёши бир йилдан кўп бўлмаган муддатга камайтирилиши мумкин.

Никоҳ никоҳ тузишни хоҳловчи шахслар бу тўғрида белгиланган намунадаги ёзма ёки электрон ариза билан мурожаат этган кундан кейин бир ой ўтгач ФҲДЙ органи томонидан қайд этилади.

ФҲДЁ органлари томонидан никоҳланувчи шахсларнинг никоҳ тузилганлигини қайд этиш тўғрисидаги аризасини қабул қилишда белгиланган тартибда тиббий кўрикдан ўтиш учун йўлланма берилади. Бунда эллик ёшгача никоҳ тузувчи шахслар ОИВ-инфекцияси юзасидан тиббий текширувдан мажбуран ўтиши керак.

ФҲДЁ органи мудири узрли сабаблар бўлганда ҳамда аризачиларнинг илтимосларига кўра бир ойлик муддатни қисқартириши мумкин. Бунда узрли сабабларни тасдиқловчи — болаларининг туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномалари, тиббиёт муассасасининг келиннинг ҳомиладорлиги ёки бир тарафнинг касаллиги ҳақидаги маълумотномаси, хизмат сафари тўғрисидаги гувоҳнома ва шу каби ҳужжатлар кўрсатилади.

Белгиланган намунадаги ариза никоҳланувчиларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари асосида тўлдирилади ва барча саволларга аниқ ва тўлиқ жавоблар берилиши керак.

Қонун никоҳланувчи шахслардан ҳатто биттаси илгари қайд этилган никоҳда турган шахслар ўртасида никоҳ тузилишини тақиқлаши сабабли аризани қабул қилиш вақтида ФҲДЁ органи шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари бўйича аризачиларнинг қонуний никоҳда туриш-турмаслигини «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизими орқали текшириб кўриши керак.

Илгари никоҳда бўлган шахс ФҲДЁ органига аввалги никоҳи бекор қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этиши керак эди. Бу — бекор қилинганлиги ҳақидаги гувоҳнома (никоҳдан ажралганлик ҳақидаги маълумотнома) ёки суд қарори, эрнинг (хотиннинг) ўлими ҳақидаги гувоҳнома (ўлим ҳақидаги маълумотнома) ва унинг вафот этган шахс билан тузилган никоҳи ҳақидаги маълумотнома ёхуд суднинг никоҳ ҳақиқий эмас деб топилганлиги ҳақидаги қарори бўлиши мумкин.

Никоҳга кириш ҳақидаги аризани беришда шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар, яъни фуқаролик паспорти, хорижга чиқиш паспорти, идентификацияловчи ID-карта, ҳарбий хизматчининг шахсий гувоҳномаси ёки ҳарбий билети кўрсатилиши керак.

Никоҳни қайд этиш фақат никоҳланувчи шахсларнинг иштирокида амалга оширилади.

Никоҳ тузилганлигини қайд этишда никоҳланувчи шахслар ўз хоҳишларига кўра иккаласидан бирининг фамилиясини умумий фамилия сифатида танлашлари ёки ўзларининг никоҳгача бўлган фамилияларида қолишлари мумкин.

Никоҳланувчилардан бири эр ёки хотиннинг фамилиясини қабул қилса, у ҳолда фуқаролик паспортини ёки идентификацияловчи ID-картасини, хорижга чиқиш паспорти (мавжуд бўлса) бир ой ичида алмаштириши зарурлиги тўғрисида огоҳлантирилади.

Мухаббат Чориева, Денов тумани адлия бўлими 1-сон ФҲДЁ бўлимининг 2-тоифали инспектори

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan