ҲУҚУҚ

ҲАМШИРА ИШГА ТИКЛАНДИ

Амалиётда ишдан бўшатишнинг оддий бир усули оммалашган яъни, “Аризангни ёз!”, дарҳақиқат иш берувчи учун ўз ҳохишига кўра, ишдан бўшаган ходимнинг ишга тикланиши амримаҳол.

Ваҳоланки, иш берувчининг қистови билан ғайриқонуний ишдан бўшатилган  ходимнинг меҳнат ҳуқуқларининг ҳимояси қонунчиликда мустаҳкамлаб қуйилган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 42-моддаси биринчи қисмига кўра, ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилган.

Жамиятимизда меҳнат қонунчилигига ҳамда  амалдаги қонунларга риоя қилмаслик холатлари ҳам мавжуд.

Мисол учун, фуқаро (даъвогар) Н.Т судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар Жарқўрғон тумани тиббиёт бирлашмасига нисбатан ишга тиклаш, мажбурий прогул кунлари учун иш ҳақи ундириш ҳамда маънавий зарар ундиришни сўраган.

Иш ҳужжатларидан кўринишича,  Н.Т 1992 йилдан 2017 йилга қадар Жарқўрғон тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли 29-қишлоқ оилавий поликлиникасида ҳамшира ҳамда  2021 йилдан 2024 йилга қадар мазкур поликлиникада патронаж  ҳамшираси  лавозимларида ишлаб келган.

Жарқўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг 2024 йил 7 февралдаги тегишли буйруғи билан 29-сонли оилавий поликлиникаси патронаж ҳамшираси Н.Т билан тузилган меҳнат шартномаси ходимнинг ташаббусига кўра, аризасига асосан 2024 йил 7 февралдан бекор қилинган.

Н.Т томонидан 2024 йил 6 февралда тиббиёт бирлашмаси бошлиғи номига ёзилган аризасида ўз ҳохиши билан 2024 йил 7 февралдан ишдан бўшатишни ва меҳнат шартномасини бекор қилишни сўраган.

2024 йил 9 феврал куни Жарқўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, унинг 2024 йил 6 февраль куни кеч соат 21-00 да ёзган ишдан мажбуран бўшатиш ҳақидаги аризасини эътиборсиз ва оқибатсиз қолдиришни сўраган.

Бироқ, тиббиёт бирлашма томонидан  меҳнат шартномаси 2024 йил 7 феврал куни бекор қилинганлиги маълум қилинган.

Ўзбекистон Республикаси амалдаги Меҳнат кодексининг 
160-моддасига кўра, “Ходим номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини, шунингдек муддати тугагунига қадар муддатли меҳнат шартномасини ўн тўрт календарь кун олдин бу ҳақда иш берувчини ёзма шаклда огоҳлантирган ҳолда бекор қилишга ҳақли” деб қайд этилган.

Шунингдек, даъвогар судда меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги аризани иш берувчи мажбуран ёздириб олганлигини, ариза иш вақтидан кейин соат 20-00 ва 21-00ларда ёздириб олинганлигини, ўзи ариза ёзишни хохламаганлигини, уни алдаб мажбуран ёздириб олганликларини билдирган.

Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумининг “Судлар томонидан меҳнат шартномасини бекор қилишни тартибга солувчи қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги қарорининг 20-банди 6-хатбошисига кўра, қонунда белгиланган ёки ходим ва иш берувчи келишувига кўра қисқартирилган огоҳлантириш муддати давомида ходим меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақида буйруқ чиқарилган бўлишидан қатъий назар аризасини қайтариб олишга ҳақли деб қайд этилган.

Суд мажлисида сўралган гувоҳларнинг тушунтиришларидан кўринишича, иш берувчи томонидан бир неча нафар ходимлардан ариза олишда босим ўтказганлиги, даъвогарнинг 2024 йил 8 февраль куни меҳнат шартномасини бекор қилинганлиги ҳақидаги буйруқ нусхасини олишдан бош тортганлиги, 2024 йил 9 февраль куни меҳнат шартномасини бекор қилишни сўраб ёзган аризасини қайтариб олишни сўраб ёзган аризаси ва бошқа далиллар мажмуидан даъвогарнинг меҳнат муносабатларини тугатиш истаги бўлмай туриб иш берувчи томонидан уни ариза ёзишга фаол равишда ундаганидан далолат беради.

Суд томонидан мазкур фуқаролик иши ҳар томонлама атрофлича ўрганилиб, даъвогарнинг буйруқни ғайриқонуний деб топиш ва ишга тиклаш ҳақидаги даъво талабини юқоридаги асосларга кўра қаноатлантиришни ҳамда Жарқўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг буйруғини бекор қилишни, Н.Тни ўз иш жойига яъни, 29-сонли оилавий поликлиникаси патронаж ҳамшираси вазифасига тиклашни лозим топган.

Хулоса ўрнида шу айтиш жоизки, бундай ҳолатларнинг бўлиши фуқароларнинг ортиқча вақт йўқотиши ёхуд уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларнинг бузилишига олиб келамоқда, Зеро, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатимизнинг олий мақсади саналади.

АКМАЛ АКРАМОВ,Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро суди судьяси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan