МУЛОҲАЗА ЎЗБЕКИСТОН

Ҳар қандай ноқонуний иш келтирар ташвиш

Ер – давлат мулки, жамиятимиз бойлиги. Ундан оқилона фойдаланиш ва муҳофаза қилиш қонун билан ҳимояланган.

Бироқ, жойларда, жумладан Сурхондарё вилоятида ҳам қишлоқ хўжалиги ерларидан ноқонуний фойдаланиш ва ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари учрамоқда. Содир этиладиган бундай ноқонуний хатти-ҳаракатларга Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига асосан жавобгарлик белгиланган.

Мазкур ҳужжатнинг 60-моддаси 2-қисми яъни, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш учун жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари, юридик шахсларга эса 50 баробаригача жарима қўлланилади. Ўзбошимча эгалланган ерларда қурилиш ишларини амалга оширганда МЖТКнинг 60-модда 3-қисмига кўра жисмоний шахслар базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баравари, юридик шахслар 300 бараваригача жарима тўлайди.

Суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш бўйича ер эгаси ваколатли органга хабардор этмаслиги 60¹ моддасига асосан жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари, юридик шахсларга эса 50 бараваригача жарима қўллашга олиб келади.

Миллий қонунчилигимизда ер тузиш лойиҳаларидан ўзбошимчалик билан четга чиқиш, ер тузиш лойиҳаларидан ўзбошимчалик билан четга чиқишни такрор содир этиш, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ўз вақтида мурожаат этмаслик, чегара белгиларини, геодезик пунктларни ва чеклов белгиларини йўқ қилиш ёки шикастлантириш каби ҳолатлар учун ҳам маъмурий жавобгарлик белгилаб қўйилган. Кейинги йилларда бундай ҳаракатларга қарши кескин чоралар кўрилаётганига қарамай кадастр ходимлари вилоятда ер муносабатлари билан боғлиқ қонун бузилиш ҳолатларини аниқламоқда.  

Кадастр агентлиги Сурхондарё вилоят бошқармаси ҳамда туман, шаҳар бўлимлари ходимлари жорий йилнинг ўтган 3 ойи давомида 541 та ҳолатда 91.25 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниб, уларнинг маълум қисмига ноқонуний қурилмалар қурилганини фош этди.

Шу даврда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер майдонининг 74.43 гектари қишлоқ хўжалигига, 4.75 гектари аҳоли пунктларига, 7.04 гектари сув фонди, 0.78 гектари саноат, транспорт, алоқа, мудофаа, тарихий-маданий аҳамиятга молик объектларга, қолган қисми эса бошқа турдаги ерларга тегишли экани маълум бўлди.

Таҳлилларга кўра, бу ерларни ғайриқонуний эгаллаган шахсларнинг 348 таси уй-жой қуриш, 109 таси нотурар қурилиш, 84 таси эса бошқа мақсадларда қонунга зид фойдаланиб келган. Уларга қонунбузилиш ҳолатини ихтиёрий бартараф этиш юзасидан огоҳлантириш хатлари юборилди, тегишли кўрсатмалар берилди. Ердан ғайриқонуний фойдаланишнинг оқибатлари тушунтирилди. Натижада ҳозиргача 293 та ноқонуний ҳолат бартараф этилди.

Масалан, Термиз туманида олиб борилган ер назорати тадбирларида «Намуна чорва инвест» фермер хўжалигига тегишли ер майдонидан Мустақиллик маҳалласида яшовчи Чориёр Бердиев (исм-шариф ўзгартирилди) ҳеч қандай ҳуқуқий ҳужжатларсиз 0.01 гектар ер майдонини эгаллаб олиб, юз квадрат-метрдан иборат уй-жой қуриб олгани аниқланди.

Ҳолат юзасидан Термиз тумани кадастр бўлими инспекторлари фуқаронинг ноқонуний қурилмасига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддаси 3-қисми билан маъмурий жарима қарори қабул қилиб, огоҳлантириш хати берди.

Ерни ўзбошимчалик билан эгаллаб олмоқчи бўлган шахс маъмурий жавобгарликни тўғри ҳис этиб, ноқонуний қурилишни ихтиёрий бартараф этди. Ер майдони ўз ҳолатига қайтарилди.

Мавриди келганда айтиш лозимки, айрим шахслар тушунтириш ишлари ва қонунбузилиш ҳолатларини ихтиёрий бартараф этиш бўйича берилган муддатда ғайриқонуний ҳаракатини ўз хоҳиши билан тўғирлашни истамайди ёки пайсалга солади. Бу тоифадаги шахслар учун ноқонуний қуриб олинган қурилмаларни мажбурий тартибда буздириш юзасидан Фуқаролик ишлари бўйича туман, шаҳар судларига даъво аризалари киритилмоқда. Ердан фойдаланишда жиноят аломатлари аниқланган тақдирда бундай ҳолатларга қонуний баҳо бериш учун тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда учта ноқонуний ҳолатда жиноят аломатлари мавжудлиги аниқланиб, ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга юборилди.

Вилоятда мутахассислар ердан фойдаланиш бўйича ўрганишларни давом эттирмоқда. Мақсадимиз давлат мулки ва жамиятимиз бойлиги бўлган ер ресурсларидан оқилона, мақсадли фойдаланиш, уни асраб-авайлаш, келажак авлод учун бус-бутун сақланишини таъминлашдан иборат.

Кадастр агентлиги Сурхондарё вилояти бошқармасининг Ахборот хизмати

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan