ДУНЁ

Қозоғистон президенти сенатор Дарига Назарбаеванинг ваколатини бекор қилди

Қозоғистон президенти Касим-Жомарт Токаев сенат депутати Назарбаеванинг ваколатини тугатиш бўйича фармон имзолади, деб хабар бермоқда “Фергана” АА. Нурсултон Назарбаевнинг қизи 2019 йилда палата спикерлигига сайланган эди. Фармонда президентнинг бу қарорга келишига нима сабаб бўлгани кўрсатилмаган. Ваҳоланки, бир муддат илгари давлат раҳбари ўзининг Twitter саҳифасида Назарбоевага юқори палатадаги спекерлик самарали фаолияти учун миннатдорчилик изҳор қилганди.

Биринчи президентнинг қизи 1963 йил Темиртау шаҳрида туғилган. У Ломоносов номидаги МДУ ва Киров номли Қозоғистон давлат университетини тамомлаган. Дарига Назарбаева 2000 йилдан сиёсат билан шуғулланаётганди. 2004 йилда қуйи палата депутатлигига сайланган, 2015-2016 йилларда Қозоғистон бош вазири ўринбосари бўлган. 2016 йилда сенат аъзолигига сайланиб, халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасини бошқарган.

Марказий Осиё бўйича эксперт Аркадий Дубновнинг фикрича, Назарбаева ваколатининг бекор қилиниши президентнинг ўта муҳим сиёсий иродасидан далолат беради. Эксперт Токаевнинг ҳаракати ўзини оқлайди, чунки, Дарига сенаторликка аввалги президентнинг ваколати доирасида яъни отаси томонидан қўйилган, дейди. Шунингдек таҳлилчи Дариганинг сенаторлик ваколати муддати сентябр ойида ниҳоясига етганини эслатади.

Дубновнинг фикрича, Дариганинг Лондонда яшаётган ўғли ва уларнинг Англия пойтахтидаги кўчмас мулклари атрофидаги кескин айбловлар, нафақат Дарига ёки Назарбоевлар оиласининг балки Қозоғистон давлатининг обрўйига тўғри келмас экан.