ЖАМИЯТ

Ўзбекистонда қайси соҳада ва қайси ҳудудда коррупция кўпайгани очиқланди

2023 йилда коррупцияга оид жиноят ишлари ўтган йилгига нисбатан 11 фоизга камайган. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Шерзод Сапаров маълум қилди.

Маълум қилинишича, ўтган йили Республика бўйича жами 6 535 нафар шахс  (2022 йилда 7 414 нафар) коррупцияга оид жиноятлар учун жиноий жавобгарликка тортилган бўлиб, 2022 йилга нисбатан жавобгарликка тортилганлар сони 879  нафарга ёки 12 фоизга камайган. 

Жавобгарликка тортилган 6 535 нафар шахснинг 1 076 (1482) нафари ёки 16,4 фоизи (20 фоизи) озодликдан маҳрум  этилган.

Энг кўп содир этилган коррупцияга оид жиноятлар ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш  – 2 067 (2 145), пора бериш – 894 (1 061), фирибгарлик – 769 (937), пора олиш -121 (155) ва ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш – 125 (117) ҳисобланади.

2023 йилда коррупцияга оид жиноят содир этган шахслар сони Андижон  971(913), Сирдарё 472(459), Сурхондарё 332 (302)  вилоятларида ошган.

Соҳалар кесимида ўтказилган таҳлилларга кўра, хўжалик юритиш ва тадбиркорлик –    (1 550 /1 435та), таълим – (586 /778та), банк соҳасида – (323/381та), соғлиқни сақлаш – (320/384) ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш (211/222) соҳаларида энг кўп коррупциявий жиноятлар содир этилган.

Соғлиқни сақлаш тизимига фуқароларни кичик тиббиёт ходими, ҳамширалик, фельдшерлик ва фаррош, мактабгача таълим тизимига тарбиячи ва техник ходим, мактаб таълими тизимига ўқитувчи ва техник ходим сифатида ишга қабул қилишда коррупция ҳолатлари, миллий гвардия, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга фуқароларни пора беришга далолат қилган ҳолда фирибгарлик йўли билан ишга киритиб қўйиш ҳолатлари нисбатан кўпроқ кузатилган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan