СИЁСАТ

Байден Исроилга ёрдамни чеклаши мумкин – “Politico”

АҚШ Президенти Жо Байден маъмурияти яҳудий давлати армияси Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳрига бостириб кирса, Исроилга ҳарбий ёрдамни чеклаш имкониятини кўриб чиқади. Бу ҳақда манбаларига таяниб, “Politico” газетаси хабар берди.

Манбаларга кўра, Байден келажакда қурол-яроғ узатишни чеклаш бўйича ҳали қарор қабул қилгани йўқ, бироқ агар Исроил Фаластин тинч аҳолиси учун янада кўпроқ азоб-уқубатларга олиб келадиган янги операцияни бошласа, буни амалга ошириши мумкин. 

Бироқ, газетанинг Исроил ҳукуматидаги манбалари Рафаҳга бостириб кириши муқаррар эмаслигини айтган. Уларнинг сўзларига кўра, тинч аҳоли ҳали ҳам эвакуация қилиниши ва Ғазо-Миср чегарасидаги шаҳарчага киришдан олдин қўшинлар тайёрланиши керак. “Politico” суҳбатдошларидан бири тегишли буйруқ берилган тақдирда ҳам операция ҳозир бошланмаслигини тасдиқлади. 

“Бундан ташқари, Исроил ҳали ҳам АҚШ маъмуриятига Рафаҳдаги тинч аҳолини ҳимоя қилиш бўйича ишончли ва амалга ошириш мумкин бўлган режани тақдим этмаган”, дейди бошқа бир манба.

Қайд этилишича, Байденнинг бундай қадам ташлашга тайёрлиги унинг Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху билан муносабатларидаги ҳаддан ташқари кескинликни акс эттиради. 

“Вашингтон маъмурияти Исроилга таъсир ўтказиш учун турли дипломатик тактикаларни қўллади. Ҳарбий ёрдамни чеклаш ҳаракати Исроилни Рафаҳ операцияси ҳақидаги фикрини ўзгартиришга мажбурлашнинг яна бир йўли бўлиши мумкин”, дейилади мақолада.

Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот хизмати ходими Адриен Уотсон изоҳ бериш сўровига, «Биз аноним миш-мишларга изоҳ бермаймиз ёки Президент бу ҳафта охирида айтган сўзларига қўшимча қилмоқчи эмасмиз”, деб жавоб берган. 

«Президент биз қабул қилган ва қўллаётган бошқа ёндашувларни ҳам самаралироқ деб ҳисоблайди», деган Оқ уй матбуот котиби ўринбосари Оливия Далтон Байденнинг ёрдамни Исроилнинг келажакдаги ҳаракатлари билан боғлашга тайёрлиги ҳақидаги саволга жавобан.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan