ЎЗБЕКИСТОН

КУЧЛИ ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ ВА МУҲТОЖЛАРГА ҒАМХЎРЛИК – ДАВЛАТ СИЁСАТИНИНГ МУҲИМ ЙЎНАЛИШИДИР

Эътибор берсак, мамлакатимиз ҳар жиҳатдан катта давлатга айланмоқда.

Аҳолимиз 2040 йилга бориб 50 миллионга етади, жамиятнинг ярмидан кўпини ёшлар ташкил қилади. Уларга муносиб ҳаёт шароити яратиш учун эса барқарор иқтисодиёт, хавфсиз давлат, самарали бошқарув, ижтимоий кафолатлар бўлиши лозим.

Янги Конституцияда Ўзбекистон – суверен, демократик, ҳуқуқий ва ижтимоий давлат экани қатъий белгилаб қўйилди.

Маълумки, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 57-моддасида меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд бошқа тоифаларининг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида эканлиги белгиланган.

Давлат аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларининг турмуш сифатини оширишга, жамият ва давлат ҳаётида тўлақонли иштирок этиши учун уларга шарт-шароитлар яратишга ҳамда уларнинг асосий ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда таъминлаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган чораларни кўради.

Давлат ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий соҳалар объектлари ва хизматларидан тўлақонли фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратади, уларнинг ишга жойлашишига, таълим олишига кўмаклашади, уларга зарур бўлган ахборотни тўсқинликсиз олиш имкониятини таъминлайди.

Шунингдек, таълим ташкилотларида алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун инклюзив таълим ва тарбия таъминланиши, аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларини уй-жой билан таъминлаш тартиби қонун билан белгиланиши, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аҳолини, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимининг самарали фаолият кўрсатишини таъминланиши, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини қонунда белгиланган тартибда давлат ҳисобидан бепул амалга оширилиши, ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган пенсия, нафақа ва бошқа турдаги ижтимоий ёрдамнинг миқдорлари энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлиши мумкин эмаслиги назарда тутилди.

Хулоса ўрнида қуйидагиларни айтмоқчиман:

Ногиронлиги бор болажонларимизга ўз тенгдошлари билан бир хил таълим олиши учун барча шароитларни яратиш кўзда тутилди ва бундай имкониятлар инклюзив таълим сифатида Конституцияга киритилди. Бу шундай нуқсонларга эга болаларимизнинг яккаланиб қолмаслиги, жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида шаклланиши ва камол топиши учун муҳим кафолатдир.
 
ДИЛОРОМ АЛМУРАТОВА,Сурхондарё вилоят суди судьяси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan