ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

Қизириқ туманида алимент тўламаган 2 нафар қарздор оталар иши сайёр судда кўриб чиқилди

Катта ҳаёт остонасида турган яхши ният билан оила қуришни мақсад қилган ёшларнинг ҳар бирига албатта, оила муқаддаслиги, унинг мустаҳкамлигини таъминлаш, айниқса туғилажак фарзандлар келажаги учун масъуллик ҳақида кенг тушунчалар берилади. Афсуски, турли сабабларга кўра, оила қурган ёшларнинг барчаси ҳам бир умрга бахтли бўлиб кетишолмайди. Натижада, моддий ёрдамга муҳтож вояга етмаган фарзандлар таъминоти учун ота ёки онадан алимент ундирилишига сабаб бўлиши мумкин.

Қизириқ туманида ўтказилган сайёр суд мажлисида ҳам фарзандларининг моддий таъминоти учун алимент тўлашдан бўйин товлаган 2 нафар отага нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланди.

Бўлиб ўтган сайёр суд жараёнларига оммавий ахборот воситалари ходимлари, жамоатчилик вакиллари ҳамда оила вакиллари иштирок этди.

Туманда яшовчи Отабек Ҳасанов суд буйруғига асосан вояга етмаган икки нафар фарзандларининг моддий таъминоти учун алимент тўлаши лозим бўлса-да, қарздор ота жами бўлиб 31 миллион 542 минг сўм алимент қарзини тўлашдан бош тортиб қочиб юрганлиги аниқланди.

Худди шу каби туманда яшовчи Улуғбек Назаров ҳам бир нафар фарзанди учун икки йилдан ортиқ алимент  пулини яъни жами 19 миллион 700 минг сўм қарздорлигини тўлашдан бўйин товлаб келганлиги маълум бўлди.

Сайёр судда тўпланган ҳужжатлар атрофлича кўриб чиқилиб, алимент пулини тўлашдан бўйин товлаган хар иккала қарздор оталарга нисбатан суднинг қарори билан 10 суткалик маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Орадан бир кун ўтиб маъмурий қамоққа олинган У.Назаровнинг яқин қариндошлари томонидан 20 миллион сўмга яқин алимент қарздорлиги тўлиқ тўлаб берилди ва берилган жазодан озод қилинди.

Шохрух Шомуротов,

Бюронинг Қизириқ туман бўлими давлат ижрочиси.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan