Тоза сув, озиқ-овқат ва бошпана йўқлиги Ғазо сектори аҳолиси орасида юқумли касалликларнинг тарқалиши хавфини келтириб чиқарди. Бу ҳақда 10 нафар шифокор ва гуманитар ташкилотлар ходимларига таяниб, “Reuters” хабар берди.
«Ғазо секторида касаллик тарқалиши учун идеал муҳит яратилди. Энди гап унинг оқибатлари қанчалик жиддий бўлиши ҳақида бормоқда», дейди БМТ Болалар жамғармаси вакили Жеймс Элдер.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, 29 ноябрдан 10 декабрга қадар ошқозон-ичак касалликлари белгиларини бошдан кечирган беш ёшгача бўлган болалар сони 66 фоизга ошиб, 59 895 нафарга етган. Анклавнинг қолган аҳолиси учун бу кўрсаткич 55% ни ташкил этди.
Ғазо сектори жанубидаги Хон Юнус шаҳридаги “Носир” шифохонаси педиатрия бўлими мудири Аҳмад ал-Фарра унинг бўлими қаттиқ сувсизланишдан азият чекаётган болалар билан тўлиб кетганини айтган. Бу баъзи болаларда буйрак етишмовчилигига олиб келган ва диарея ҳолатлари тўрт баравар кўпайган.
Ал-Фарранинг сўзларига кўра, сўнгги икки ҳафта ичида шаҳарда гепатит А билан касалланган 15-30 та ҳолат қайд этилган.
“Вируснинг инкубация даври уч ҳафтадан бир ойгача давом этади, шунинг учун бир ой ичида гепатит А билан касалланганлар сонида портлаш содир бўлади”, дейди у.