ЖАМИЯТ МАДАНИЯТ

Бойсунлик ёзувчининг янги асари: ХХ аср ултонтозлари кимлар эди? (Ўзимиздан чиқиб ўзагимизни кесганлар ҳақида)

Асли бойсунлик Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, филология фанлари номзоди Олим Тошбоев кейинги йилларда матбуотда ватанимизнинг яқин тарихи, адабиёти, хусусан собиқ иттифоқ давридаги жиловланган маънавий муҳити ҳақида публицистик мақолалар эълон қилиб келаётган эди. Орада воҳадошимиз, ўзбек адабиётининг забардаст вакили Шукур Холмирзаев ҳаёти ва ижодига бағишланган “Абадий замондош” китобини ёзди. Бу китоб адабий жамоатчилик томонидан юқори баҳоланди.
Тўқсонинчи йиллар бошида газета-журналларда бир неча ҳикоялари эълон қилингач, узоқ йиллар бадиий асари билан кўзга ташланмаган Олим Тошбоевнинг Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан “Ултонтоз” романи нашр этилди.

Улкан маънавий меросимиз бўлган “Алпомиш” достонида Ултонтоз эл-юрт бошига кулфат келтирган, номард ва нодон ҳукмдор сифатида тасвирланган. “Ултонтоз” романи эса йигирманчи асрда халқимиз бошдан кечирган воқеаларнинг бадиий талқинидир.

Асарда йигирманчи аср ултонтозлари – мансабу амал учун ўз халқига хиёнат қилиш эвазига юртни бошқарган кишилар образи гавдаланади.

Китоб 5000 нусхада нашр қилинди. Тез орада китоб дўконларига сотув учун чиқарилади.