ЎЗБЕКИСТОН

Абдулла Қодирий “ҳукуматни обрўсизлантириш”да айбланганидан 100 йил ўтиб оқланди

Олий суд унга нисбатан контрреволюцион характерга эга адабиётларни тарқатиш ва тарқатиш мақсадида тайёрлаш, сақлаш моддаси бўйича чиқарилган ҳукмни бекор қилди. 

Фото: Олий суд

Олий суд атоқли ўзбек ёзувчиси Абдулла Қодирийга нисбатан 1926 йилда чиқарилган ҳукмни бекор қилиб, уни тўлиқ оқлади. 

Қайд қилинишича, адиб 1926 йилда ҳукумат раҳбарларини обрўсизлантиришда айбланган ва терговга тортилган. Бунга «Муштум» журналида эълон қилинган «Йиғинди гаплар» номли мақоласи сабаб бўлган. 

Абдулла Қодирий 1926 йил 16 июнда Ўзбекистон ССР Жиноят кодексининг 73-моддасида (контрреволюцион характерга эга адабиётларни тарқатиш ва тарқатиш мақсадида тайёрлаш, сақлаш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Бироқ, Ўзбекистон ССР Марказий ижроқўми Раёсатининг 1926 йил 17 июндаги қарорига асосан адиб жазодан озод этилган. 

Абдулла Қодирий набираси Ҳабибулло Қодирий 1926 йилда чиқарилган ҳукм устидан Олий судга апелляция шикоятини берди. Олий суд апелляция шикоятини кўриб чиқди ва ҳукмни бекор қилиб, Абдулла Қодирий ҳаракатларида Ўзбекистон ССР Жиноят кодексининг 73-моддасида назарда тутилган жиноят таркиби мавжуд эмаслиги ҳамда жиноий ҳодиса юз бермаганлиги сабабли айбсиз деб топди ва уни оқлади. Шунингдек, унинг терговда ноҳақ ушлаб турилгани ҳам қайд қилинди. 

Эслатиб ўтамиз, Абдулла Қодирий 1938 йилда қатағон қилиниб, отиб ташланган. Ушбу ҳукм бўйича 1957 йилда оқланган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan