СИЁСАТ

Украина Европа Иттифоқига киришга тайёр эмас – Орбан

Венгрия Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилиши бўйича музокаралар бошланишига қарши, чунки у бунга ҳали тайёр эмас. Бу ҳақда Венгрия Бош вазири Виктор Орбан “Kossuth” радиостанциясининг эрталабки дастурида айтиб ўтди.

Унинг фикрича, Украина ҳозирда уруш ҳолатида ва мамлакат аҳолисининг аниқ сони ҳам маълум эмас. Шу билан бирга, одамлар доимий равишда Украинадан чиқиб кетмоқда.

«Унинг ҳуқуқий ва сиёсий тизими тинч ҳаёт кечираётган мамлакатдан бошқача ишлайди. Шунинг учун Украина барча Европа Иттифоқи давлатларида амал қиладиган қонун устуворлигининг конституциявий тамойилларига бўйсунадими ёки йўқлигини айта олмаймиз», дейди Орбан.

Унинг таъкидлашича, Украинанинг ЕИга қўшилиши мумкин бўлган оқибатлари, хусусан, бундай қадамнинг Европа иқтисодиётига таъсири масаласи ҳам ишлаб чиқилмаган. 

«Украина қишлоқ хўжалигининг эркин бозор тизимига киритилиши европалик фермерларга фойда келтирадими ёки йўқми, биз билмаймиз», дея тушунтирди Бош вазир.

Шу муносабат билан у Венгрия Еврокомиссиянинг Украина билан Европа Иттифоқига қўшилиши бўйича музокараларини қўллаб-қувватламаслигини ва бу масалани 14-15 декабрь кунлари Брюсселда бўлиб ўтиши режалаштирилган ЕИ саммити кун тартибига киритмасликни таклиф қилмоқчи.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan