ЎЗБЕКИСТОН

Тошкентда аҳоли норозилигига сабаб бўлган ресторан фаолияти тўхтатилди

«Ялпиз» ресторанининг фаолияти тўхтатилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги хабар қилмоқда.

Маълум қилинишича, пойтахтнинг Яккасарой тумани, Шота Руставели кўчаси 59-уйда истиқомат қилувчи аҳолидан Тошкент шаҳар ҳокимлигига мурожаат келиб тушган. Унга кўра, кўп қаватли уйнинг биринчи қаватида жойлашган «Ялпиз» ресторани ўз фаолияти билан шу уй аҳолисига қатор ноқулайликлар келтириши айтилган.

Хусусан, рестораннинг уй ҳовлисида жойлашган хўжалик қурилмасида ресторан раҳбарияти томонидан ошхона ташкил қилиниб, ресторан дудбўронлари, кондиционерлар қаторида таомларни тайёрлаш учун иссиқлик ускуналари, шу жумладан мангал ўрнатилгани, мангал кўмирда ёқилиши ва бу кўп қаватли уй учун ёнғин хавфини келтириб чиқариши важ қилинган.

Шунингдек, бевосита аҳоли деразаларига яқин жойлашган дудбўронлардан чиқаётган шовқин ва қовурилган таомларнинг ҳиди, аҳоли учун катта ноқулайлик туғдириши айтилган. Бундан ташқари, ресторан ходимлари томонидан уй ҳовлисида чиқиндилар ташлаб кетилиши келтирилган.

Ушбу ҳолат Тошкент шаҳар ҳокимлигининг назоратига олинди ва Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг Тошкент шаҳар бошқармаси ёрдамида тегишли ўрганиш ва текширувлар олиб борилди.

Натижада, 25 ноябрь куни умумий овқатланиш масканининг раҳбарияти томонидан фаолиятда қатор камчиликларга йўл қўйилгани аниқланиб, уларни белгиланган муддат ичида бартараф этиш мажбурияти юкланди. Шу жумладан, Шота Руставели кўчаси, 59-уй ҳовлисида жойлашган ускуналарни бошқа, аҳолига ноқулайлик туғдирмайдиган жойга кўчириш белгиланди ва рестораннинг фаолияти камчиликлар бартараф этилишига қадар тўхтатилди.

“Шу ўринда, Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган тадбиркорлардан, давлатимиз раҳбари томонидан яратилган қулайликлар ва имкониятлардан виждонан фойдаланишни, ўз ишларида аввало қонунчилик талабларига риоя қилишни, фаолиятлари билан аҳолига ноқулайлик келтирмасликка ҳаракат қилишни сўраб қоламиз. Ҳозирда фаолиятингизда шу каби камчиликлар ва қонунчиликдан оғишлар бўлса, уларни текширув келганидан кейин эмас, ўз вақтида, мустақил бартараф этишни тавсия қиламиз”, – дейилади хабарда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan