ЎЗБЕКИСТОН

“ЎЗБЕКИСТОН – 2030” стратегияси – МАМЛАКАТИМИЗДАГИ ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИДИР

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча фуқароларнинг тенглиги, инсон ҳуқуқлари, сўз ва виждон эркинлиги кафолатланган.


Мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар халқимиз томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланиб келинмоқда.


Янгиланган конституциявий-ҳуқуқий заминида миллий тараққиётнинг асосий йўналишларини такомиллаштириш, шиддатли ва кенг кўламли ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш давр талабига айланганлиги сабабли 2023 йил 11 сентябрда “Ўзбекистон – 2030” тараққиёт стратегиясини қабул қилинди.

“Ўзбекистон – 2030” стратегияси халқимизнинг эркин ва фаровон, Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш, ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш, соғлом, билимли ва баркамол авлодни тарбиялаш, ишлаб чиқаришнинг муҳим бўғинига айланган кучли иқтисодиётни шакллантириш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.


Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён биринчи маротаба узоқ муддатга, яъни 7 йилга мўлжалланган миллий тараққиёт стратегияси тасдиқланди. Бу давлатимиз ва жамиятимиз ҳаётининг барча соҳаларидаги барқарорлик ва тараққиётнинг исботи ҳамда изчил ва шиддатли демократик ислоҳотларимизга халқимиз ҳамда жаҳон ҳамжамияти билдираётган ишонч ҳамда рағбатнинг яққол ифодасидир.


“Ўзбекистон – 2030” тараққиёт стратегияси қуйидаги асосий ғоялар акс этган:
-барқарор иқтисодий ўсиш орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўриш олиш;


-аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил этиш;


-аҳоли учун қулай экологик шароитларни яратиш;


-халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлат барпо этиш;


-мамлакатнинг суверенитети ва хавфсизлигини кафолатли таъминлаш.

«Ўзбекистон – 2030» стратегиясида белгиланган мақсад-вазифалар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш учун ўзига хос “йўл харитаси” вазифасини ўтайди.

Стратегияни амалга ошириш ва унинг мақсадли кўрсаткичларига эришиш барча давлат органлари ва ташкилотларнинг энг асосий вазифаси этиб белгиланди.  


Шу ўринда таъкидлаш жоизки, «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида жами 100 та мақсад, 369 та чора-тадбир, 190 та вазифа, 306 та мақсадли кўрсаткич бажарилиши ва бу борада 118 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилиши кўзда тутилган.


Стратегиядаги жами 100 та мақсад қуйидаги 5 та устувор йўналиш бўйича тақсимланган.


Биринчи устувор йўналиш: Ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитлар яратишга қаратилган 44 та мақсад, яъни 1-мақсаддан 44-мақсадгача ушбу устувор йўналиш таркибига киради. Бунда таълим, тиббиёт, ижтимоий ҳимоя, ёшлар сиёсати, маънавият масалаларига тааллуқли 156 та амалий чора-тадбир ва 70 та вазифа қамраб олинган бўлиб, 130 та мақсадли кўрсаткични ишлаб чиқиш белгиланган.

Шунингдек, 38 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини тайёрлаш ва қабул қилиш кўзда тутилган.

Иккинчи устувор йўналиш: Барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш билан боғлиқ 17 та мақсад (45-61-мақсадлар) доирасидаги 68 та амалий чора-тадбир ва 55 та вазифани қамраб олган. Мазкур устувор йўналишда ЯИМ, бюджет, саноат, инвестиция, банк, “яшил иқтисодиёт”, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, экспорт, монополиялар, IT, туризм, хизматлар, инфратузилма, уй-жой масалаларига оид 75 та мақсадли кўрсаткични ишлаб чиқиш ва 29 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини тайёрлаш белгиланган.

Учинчи устувор йўналиш: Сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган 12 та мақсад (62-73-мақсадлар) ушбу устувор йўналиш таркибига киради. Бунда 31 та амалий чора-тадбир ва 21 та вазифа қамраб олинган бўлиб, 39 та мақсадли кўрсаткич ишлаб чиқилади ҳамда 15 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари тайёрланади.

Тўртинчи устувор йўналиш: 16 та мақсад (74-89-мақсадлар) доирасида қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш борасида белгилаб берилган 51 та амалий чора-тадбир ва 21 та вазифани ўзида қамрайди. Бунда маҳалла, маҳаллий давлат органлари, вакиллик органлари, давлат хизмати, фуқаролик жамияти институтлари, суд-ҳуқуқ, инсон ҳуқуқлари, адвокатура, коррупция масалаларига оид 41 та мақсадли кўрсаткични ишлаб чиқиш ва 25 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини тайёрлаш назарда тутилган.

Бешинчи устувор йўналиш: “Хавфсиз ва тинчликсевар давлат” тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттиришга қаратилган
11 та мақсад (90-100-мақсадлар) доирасида 63 та чора-тадбир ва 23 та вазифа бажарилади. Хусусан, ташқи сиёсат, Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик, хориждаги ватандошлар, меҳнат миграцияси, Қуролли кучлар, фавқулодда вазиятлар, миллатлараро тотувлик масалаларига алоқадор 21 та мақсадли кўрсаткични ишлаб чиқиш ва 11 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини тайёрлаш талаб этилади.

Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 11 сентябрда имзоланган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида”ги фармонида, биринчи навбатда, мазкур Стратегияни ишлаб чиқиш ва тасдиқлашни тақозо этган омиллар кўрсатиб берилди. Фармон муқаддимасида: “янгиланган конституциявий-ҳуқуқий шароитларда мамлакатимиз тараққиётининг асосий йўналишларини такомиллаштириш ва амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш талаб этилмоқда”, деб алоҳида таъкидлангани бежиз эмас.

Шу асосда «Ўзбекистон – 2030» стратегияси тасдиқланди. Уни амалга ошириш бўйича Республика комиссияси таркиби тасдиқланиб, комиссия зиммасига тегишли вазифалар юкланди.

Бундан ташқари, ушбу дастурий ҳужжатни амалга ошириш механизми тақдим этилди. Бу ўринда, жумладан, Вазирлар Маҳкамаси ҳар ойда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси амалга оширилишини Бош вазир ўринбосарлари ҳузурида танқидий кўриб чиқишни таъминлаши, ҳар чоракда Ҳукумат мажлисларида муҳокама қилиб бориши ҳамда ўз вақтида ва тўлиқ бажарилмаган тадбирлар юзасидан Ҳукумат аъзоларига, шу жумладан, вазирларга нисбатан тегишли чоралар кўриши ҳамда ҳар ярим йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига “Ўзбекистон – 2030” стратегияси амалга оширилиши юзасидан ҳисобот тақдим қилиши белгиланган.

Хулоса ўрнида таъкидлаш керакки, “Ўзбекистон-2030” стратегияси мамлакатимиз ривожининг муҳим асосларини қамраб олган бўлиб, бу борада амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифаларни белгилаб берган. Шу билан бирга мазкур ҳужжат ҳалқаро ҳамжамият олдида давлатимиз мавқеини мустаҳкамлашга, инсон қадрини улуғлашга, аҳоли фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.

ОТАБЕК КАРИМОВ, Жиноят ишлари бўйича Қизириқ туман суди раиси
 


LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan