Кейинги пайтларда фуқаролар томонидан никоҳдан ажратиш даъвоси билан судга мурожаат қилиш ҳоллари анча кўпайди.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 41-моддасида “Агар суд эр ва хотиннинг бундан буён биргаликда яшашига ва оилани сақлаб қолишга имконият йўқ деб топса, уларни никоҳдан ажратади,”- деб кўрсатилган.
Ўзбекистон
Республикаси Олий суди Пленумининг 2011 йил
20 июлдаги “Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни
қўллаш амалиёти тўғрисида”ги 06-сонли қарорининг 16-банди 1-пунктида “Никоҳдан
ажратиш тўғрисидаги талаб, фақат, эр-хотин бундан буён бирга ҳаёт
кечиришларининг ва оила батамом бузилганлиги сабабли уни сақлаб қолишнинг иложи
йўқлиги аниқланган ҳолдагина қаноатлантирилиши лозим”лиги ҳақида раҳбарий
кўрсатма берилган.
Энди амалиётда учраган бир ҳолатга қисқача тўхталсак.
Даъвогар Давлетов Азизбек (исм шарифлар ўзгартирилган) судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, жавобгар Рустамова Гуласал билан қонуний никоҳдан ўтган ҳолда 2020 йил декабрь ойидан 2021 йил март ойигача бирга яшаганлигини, ўрталарида бир нафар фарзандлари борлигини, жавобгар унинг иккинчи турмуш ўртоғи эканлигини, унга бу ҳақда никоҳидан олдин айтганлигини, улар турмушларининг бошида яхши яшаганликларини, кейинчалик жавобгарнинг хулқ-атвори, дунёқараши ўзгариб, арзимас сабабларни важ қилиб, оилада келишмовчиликларни келтириб чиқаришини, ундан ҳар хил хатолар излаб, жанжал қилишини, фарзанди учун алимент тўлаб келаётганлигини, келгусида жавобгар билан бирга яшай олмаслигини билдириб, жавобгар билан ўрталаридаги никоҳдан ажратишни сўраган.
Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судининг
ҳал қилув қарорига кўра, даъвогарнинг даъво талаби қаноатлантиришдан рад
қилинган.
Суднинг мазкур ҳал қилув қарорига нисбатан даъвогар томонидан берилган апелляция шикояти асосида мазкур фуқаролик иши вилоят суди апелляция инстанциясида кўрилиб, даъвогарнинг даъво талаби асослилиги сабабли суднинг ҳал қилув қарори бекор қилинган.
Ишдаги мавжуд ҳужжатлардан кўринишича, даъвогар А.Давлетов билан жавобгар Г.Рустамова 2020 йил 20 декабрь кунидан бошлаб туман ФҲДЁ бўлимида қонуний никоҳдан ўтган ҳолда 2021 йил март ойига қадар бирга яшаб келишган.
Биринчи босқич суди мазкур фуқаролик ишини кўришда тарафларнинг судда келтирган важларига етарли аҳамият бермасдан, уларнинг 2021 йил март ойидан буён бирга рўзғор юритмаётганликлари, тарафларнинг ўртасидаги никоҳ расман сақланиб турганлигига ҳуқуқий баҳо бермасдан, даъвогарнинг даъвосини рад этиш ҳақида асоссиз хулосага келган.
Жавобгар Г.Рустамова апелляция инстанцияси судида берган тушунтиришида даъвогар А.Давлетов билан 2021 йил март ойидан буён бирга яшамаётганлигини, улар ўртасидаги эр-хотинлик муносабатлари ҳам шу кундан бошлаб тугаганлигини, бир нафар фарзанди билан ота-онасининг уйида яшаб келаётганлигини, бир нафар фарзандининг таъминоти учун даъвогар 4.500.000 сўм миқдорида алимент ҳам тўлаётганлигини, даъвогар уни ва бир нафар фарзандини уй-жой билан таъминласагина, никоҳдан ажрашишга розилик беришини маълум қилди.
Суднинг тегишли ажримлари билан тарафларга ярашиш учун жами олти ой муҳлат берилган бўлсада, суд томонидан берилган муҳлат давомида ҳам тарафлар ярашиш ва оилани тиклаш чораларини кўрмаган ва ҳаракат ҳам қилмаган.
Апелляция инстанцияси судига тақдим қилинган туманнинг “Ўзбекистон” маҳалла фуқаролар йиғини томонидан тузилган далолатномада тарафларнинг оиласини сақлаб қолиш мақсадида А.Давлетов билан маҳалла фуқаролар йиғини биносида яраштириш комиссияси аъзолари иштирокида суҳбат ўтказилганда А.Давлетов турмуш ўртоғи Г.Рустамова билан ярашмаслигини билдирганлигини, жавобгар Г.Рустамова билан ўтказилган суҳбат давомида турмуш ўртоғи А.Давлетовнинг қарорларини ҳозиргача ҳурмат қилишини ва ажрашишга рози эканлигини, ажрашгандан сўнг даъвогар бир нафар вояга етмаган фарзанди ва ўзи учун давлат томонидан қурилаётган кўп қаватли уйларнинг бошланғич тўловини қилиб беришини, тўловнинг қолган қисмини ўзи амалга оширишини билдирганлигини, Маҳалла фуқаролар йиғини хулоса ўрнида тарафларни келгусида бир оила бўлиб аҳил ва иноқ бўлиб яшаб кетишига умид йўқлигини маълум қилган.
Суднинг асосий вазифаси фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилиш мақсадида ишларни тўғри, ўз вақтида кўриб ҳал қилиш билан бир қаторда, қонунийликни мустаҳкамлашга, ижтимоий адолатни таъминлшга кўмаклашишдан иборат.
Шу сабабли суд муҳокамалари ошкоралиги ва шаффофлиги жуда муҳим ўринга эга. Зеро, халқ кўрган ҳолатларига ишонади ва унга ўз баҳосини беради.
Дилором Алмуратова,Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судьяси