ЖАМИЯТ

СУД ҚАРЗ ПУЛИНИ УНДИРИШНИ БЕЛГИЛАДИ

Амалдаги қонунчилик талабига кўра, бошқа шахсларнинг пул маблағларини ғайриқонуний ушлаб қолиш, уларни қайтариб беришдан бош тортиш, уларни тўлашни бошқача тарзда кечиктириш ёхуд бошқа шахс ҳисобидан асоссиз олиш ёки жамғариш натижасида улардан фойдаланганлик учун ушбу маблағлар суммасига фоиз тўланиши керак.

Ўз навбатида, қарз суд тартибида ундириб олинганида суд кредиторнинг талабини даъво қўзғатилган кундаги ёки қарор чиқарилган кундаги банк фоизининг ҳисоб ставкасига қараб қондирилади.

Хўш, бундай низолар судлар томонидан қандай ҳал этилади. Мисолларга мурожаат этадиган бўлсак, даъвогар Ж.Ш жавобгар Н.Дга нисбатан судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, ўзининг даъво аризасида 21.300.000 сўм қарзини банк фоизи билан ҳамда қилинган суд харажатларини ундириб беришни сўраган.

Биринчи босқич суди яъни, фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро судининг тегишли ҳал қилув қарорига кўра, даъвогар Ж.Ш.нинг даъво аризаси қаноатлантирилган.

Унга кўра, жавобгардан даъвогарнинг фойдасига жами 24.455.650 сўм ундирилиши белгиланган.

Аниқланишича, жавобгар Н.Д. томонидан 2021 йил 28 декабрда ёзилган тилхатга кўра, даъвогар Ж.Ш.дан калифорния ёмғир чувалчангини 24.000.000 сўмга сотиб олганлиги, бошида 2.000.000 сўм берганлиги, қолган 22.000.000 сўмни 3-4 ойда беришлиги баён этилган.

Даъво аризада жавобгар Н.Д. билан товар олди-берди муносабати боис, 24.000.000 сўм миқдорида қарз бўлиб, тилхат ёзиб берганлиги, шундан дастлаб 2.000.000 сўм, кейинчалик 700.000 сўм пул берганлиги, ҳозирда 21.300.000 сўм қарзи қолганлигини, жавобгардан ушбу қарзини банк фоизи билан ундиришни сўраган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 733-моддасига кўра, агар қарз олувчининг тилхати ёки унга қарз берувчи томонидан муайян сумма ёки муайян миқдордаги ашёлар топширилганлигини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжат мавжуд бўлса, қарз шартномаси ёзма шаклда тузилган ҳисобланади.

Жавобгар томонидан ёзилган тилхат тарафлар ўртасида қарз шартномаси тузилганлигини тасдиқлайди. 

Шу боис, жавобгар томонидан биринчи босқич судининг ҳал қилув қарорига нисбатан берилган апелляция шикояти вилоят суди апелляция судлов ҳайъатининг 2023 йил 2 февралдаги ажрими билан Термиз туманлараро судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз, апелляция шикояти эса қаноатлантирилмасдан қолдирилган.

Мухтасар қилиб айтганда, шартнома мажбуриятларини лозим даражада бажаришлик тарафлар ўртасида юзага келиши мумкин бўлган турли низоларнинг олдини олган бўлади.

Шерзод Элиев, Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судьяси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan