САЛОМАТЛИК

ЖССТ: Дунёда йил бошидан буён вабога чалинганлар сони ярим миллиондан ошди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Ер юзида вабо касаллиги билан боғлиқ эпидемиологик вазият ҳақида янги ҳисоботини эълон қилди.

Таҳлиллар жорий йилнинг 1 январидан 15 сентябрь санасигача бўлган даврни қамраб олган. Қайд этилишича, ўтган 9 ойдан кўпроқ вақт ичида сайёрамиз бўйича вабо ташхиси қўйилган беморлар сони 582 минг нафардан ошган.

2021 йилда бу кўрсаткич 223 минг, 2022 йилда эса 472 минг нафарни ташкил қилганини ҳисобга олсак, бу йил ўсиш динамикаси кескин юқорилиги маълум бўлади.

Қолавеса, январь ойидан бери касалликдан вафот этганлар сони 4 минг 543 нафарга етган. Вабо ўчоқлари аниқланган мамлакатлар cони эса бу йил 29 тага кўпайиб, 35 тадан қарийб 50 тага яқинлашган.

Экспертлар башоратига кўра, келгусида йиллик касалланишлар сони 1,3 миллиондан 4 миллионга етиши мумкин. Бу эса 143 минг кишининг ўлимига сабаб бўлиши тахмин қилиняпти.

Шундан келиб чиқиб, ЖССТ ҳукуматларни соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича назоратни кучайтиришга чақириб, профилактик чора-тадбирларни амалга оширишда ёрдамга тайёр эканлигини маълум қилди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan