ЎЗБЕКИСТОН

“Сизларни Ватанда кутиб қоламиз”. Президент АҚШдаги ўзбекистонликлар билан учрашди (фоторепортаж)

Кеча, 18 сентябрь куни АҚШга амалий ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қўшма Штатларда яшаётган ва ишлаётган бир гуруҳ ўзбекистонликлар ҳамда ушбу мамлакатнинг етакчи олий таълим даргоҳларида таҳсил олаётган “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатлари билан учрашди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Очиқ ва жонли мулоқот шаклида ўтган тадбирда Шавкат Мирзиёев Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси тўғрисида сўзлаб бериб, республика модернизациясига кўмаклашишда ўзбекистонликларнинг улкан салоҳияти борлигига эътибор қаратган.

АҚШдаги ўзбекистонликлар ва уларни бирлаштирувчи ташкилотлар мисли кўрилмаган юқори даражага чиққан Ўзбекистон-АҚШ ҳамкорлигини ривожлантиришга катта ҳисса қўшаётгани алоҳида таъкидланган.

Шунингдек, учрашувда давлат раҳбари Қўшма Штатлардаги ўзбекистонликлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш, уларнинг жамоат бирлашмалари фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор ташаббусларни илгари сурган. Хусусан, хорижда ўзбек тили курсларини ташкил этишга кенг кўмаклашиш, ўзбекистонликлар республиканинг тарихий шаҳарларини зиёрат қилиши учун махсус туризм хизматлари тўпламларини ишлаб чиқиш режалаштирилган.

“Биз таълим, тиббиёт, иқтисодиётда олиб бораётган янгиланишлар натижасини ҳар бир юртдошимиз ўз ҳаётида ҳис қилиши керак. Сизлардек хорижда ўқиган, йирик компанияларда ишлаб, тажриба орттирган юқори малакали мутахассислар ҳам юртимизга қайтиб келиши ва бутун салоҳияти билан Янги Ўзбекистонни барпо этишда иштирок эта олишлари учун барча шароитни яратишимиз керак. Бугун шу ердаги ҳар бир ўзбекистонликда кучли Ватан ҳисси ва унинг ривожига ҳисса қўшиш иштиёқини кўриб, жуда хурсанд бўлдим. Сизларни Ўзбекистонда кутиб қоламиз”, дейди Президент.

Учрашув иштирокчилари Президент Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган туб ва кенг кўламли ислоҳотлар Ўзбекистон фаровонлигини янада ошириш, унинг халқаро майдондаги нуфузини юксалтиришга хизмат қилаётганини таъкидлаган.

“Катта компанияларда ишлаётган ва нуфузли олий таълим даргоҳларида ўқиётган ватандошлар ўз фикр ва таклифларини билдирди. Жамият ҳаёти ва иқтисодиётнинг турли масалалари юзасидан фикр алмашилди. Қаратилаётган катта эътибор учун самимий миннатдорлик билдириб, ватандошлар Ўзбекистон ривожига муносиб ҳисса қўшишга тайёрлигини айтиб ўтди”, дейилади хабарда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan