ХАБАРЛАР

АҚШ Шимолий Кореяни қўллаб-қувватлаган Tornado Cash асосчисини жазолади

АҚШ Адлия вазирлиги аноним криптовалюта алмашиш хизмати Tornado Cash асосчиси Роман Семеновни 1 миллиард долларлик криптовалюталарни ўзлаштиришда, жумладан Шимолий Корея учун миллионлаб пулларни ювишда айбламоқда. Бу ҳақда “Америка овози” хабар берди.

Кеча, 23 август куни АҚШ Молия вазирлигининг Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси Tornado Cash`нинг учта ҳаммуассисидан бири Роман Семеновга нисбатан санкциялар жорий қилди. Иккинчи ҳаммуассис Роман Штормни ФҚБ қўлга олди. Шериклардан учинчиси Алексей Перцев эса аввалроқ, 2022 йилнинг август ойида Голландияда пул ювишда айбланиб қамалган эди. 

АҚШ Адлия департаменти Семенов ва Штормни лицензиясиз пул ўтказмалари бизнесини юритиш, пуларни ноқонуний ўзлаштириш ва санкцияларни бузиш бўйича иш олиб боришда айблади.

Лойиҳа АҚШ Ғазначилиги томонидан қаттиқ санкциялар остида қолди, чунки департамент уни крипто биржаларидан пул ўғирлашдаги асосий восита, деб ҳисоблайди. Хусусан, 2019 йилда АҚШ томонидан санкцияга учраган Lazarus Group Tornado Cash`дан 2022 йил март ойида Axie Infinity’га қилинган ҳужумда ўғирланган 455 миллион доллардан ортиқ пул ўтказмасини яшириш учун фойдаланган. Бу бугунги кундаги энг йирик виртуал валюта ўғирлигидир. Ушбу гуруҳ 2022 йилнинг 24 июнида Harmony компаниясидан 96 миллион доллар, 2022 йилнинг 2 августида Nomad компаниясидан камида 7,8 млн долларни ўзлаштириш учун ҳам Tornado Cash’дан фойдаланган.

“Семенов Шимолий Корея ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланадиган Tornado Cash ва Lazarus Grоup хакерлик гуруҳига моддий ёрдам кўрсатишдаги роли учун жазоланди”, дейилади АҚШ Молия вазирлиги баёнотида.

АҚШ расмийларига кўра, даромад Шимолий Кореянинг ноқонуний баллистик ракета, ядро қуроли дастурларини қўллаб-қувватлаш учун сарфланади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan