ЎЗБЕКИСТОН

«Халқаро бозорда “ўзбек бренди” шаклланишига ва унинг мавқеи ошишига ўз ҳиссасини қўшиши аниқ»

Тадбиркорлар мамлакатнинг асосий солиқ тўловчилари. Солиқ эса бюджет тушуми дегани. Кўриниб турибдики, тадбиркор қанча бой бўлса, унинг даромади ва пул айланмаси қанча кўпайса, нафақат ўзига, балки шу халқ ва давлатга фойда бўлади. Шундай экан, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб шарт-шароитларни яратиш, турли хил бюрократик тўсиқлардан озод қилиш ва энг муҳими эркин фаолият юритишига замин яратиш бугунги куннинг талаби. Шундай бўляпти ҳам. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар ва ишбилармон доира вакиллари билан ўтказган очиқ мулоқоти ана шундай ислоҳотларни давом эттириш,керак бўлса, кучайтириш учун ўтказилди десак муболаға бўлмас. 

Очиқ мулоқотда камчиликлар айтилди, қилиниши керак бўлган ишлар кўриб чиқилди. Шахсан эътиборимни тортган жиҳат шу бўлдики, Ўзбекистонда даромади юқори корхоналар сонининг ортиши ҳукумат даражасида кўриладиган масалага айланиб улгурди. Юқорида айтганимдек, тадбиркор бой бўлса, халқ бой бўлади. 

Хўш, бу борада нима ишлар қилиняпти-ю истиқболдаги режалар қандай? Саволларимизга Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори ўринбосари Мухсинжон Холмухамедов жавоб берди.

Қандай корхоналар даромади юқори ҳисобланади?

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 30 сентябрдаги “Тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳиятини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан “Янги Ўзбекистон – рақобатбардош маҳсулотлар юрти” дастури қабул қилинган. Унга кўра, мазкур корхоналарни саралаб олиш бўйича қуйидаги мезонлар белгиланган:

  • корхоналар юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтган ҳамда камида сўнгги икки йил давомида фаолият юритаётган бўлиши;
  • охирги 12 ой мобайнида экспорт қилинган тайёр маҳсулот суммаси 1 млн АҚШ долларидан ортиқ бўлиши;
  • умумий тушум ҳажмида экспортдан тушум улуши 30%дан юқори бўлиши;
  • экспортга чиқарилаётган тайёр маҳсулотлар тури 2 тадан ортиқ бўлиши;
  • охирги 12 ой мобайнида экспорт географияси, қўшни давлатларни инобатга олмаган ҳолда, 2 та мамлакатдан ортиқ бўлиши;
  • охирги 12 ой мобайнида амалга оширилган экспорт ҳажмида муддати ўтган дебитор қарздорликнинг улуши 5%дан кам бўлиши керак.

Даромади юқори тадбиркорларга берилган имтиёзлар ҳақида гапирсангиз

– Дастур доирасида 100 та етакчи экспортчи корхона танлаб олиниб, уларга кредит, солиқ, божхона бўйича алоҳида режим жорий қилинди. Натижада жорий йилда бу корхоналар экспорти 1,5 баробар кўпайиб, 1,2 миллиард долларга етказилади.

Умуман, экспортни қўллаб-қувватлаш ҳисобидан сўнгги тўрт йилда бундай корхоналар сони 4,5 мингтадан 7,2 мингтага кўпайди, четга сотилаётган маҳсулот турлари 1,5 мингтадан 3 мингтага ошиб, географияси 139 та мамлакатдан 164 тага кенгайди, ташқи бозорларга тайёр маҳсулот сотиш ҳажми 2 баробар, бунда товарлар экспортидаги улуши эса 50 фоиздан 65 фоизга ошди.

Келгуси режалар қандай?

– Келгусида юқори даромадли корхоналарни сонини кўпайтириш ва ўз навбатида уларнинг Ўзбекистон иқтисодиётига қўшаётган улушини ошириш йўлида қатор ишлар амалга оширилади. 

Белгиланган мақсадларни рўёбга чиқариш учун бугунги кунда Халқаро консультантларни жалб қилган ҳолда, электротехника, тўқимачилик, чарм-пойабзал, заргарлик, қурилиш материаллари, мебелсозлик, полимер, кимё ва озиқ-овқат саноати бўйича 140та тайёр лойиҳа ишлаб чиқилди. 

Ушбу лойиҳаларнинг жами қиймати 10 млрд. долларга тенг бўлиб, уларда 60 мингта иш ўринларини яратиш, йилига 5млрд. долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда 2,5 млрд. долларлик экспорт қилиш кўзда тутилган. 

Мазкур 140та лойиҳа электрон платформага қўйилиб, тадбиркорларга очиқ-ошкора шартлар асосида таклиф қилинмоқда.

Қолаверса, ушбу дастурга кирган корхоналарга Саноатни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан 10 йил муддатга паст фоизли кредитлар ажратилади.

Шунингдек, халқаро майдондаги геосиёсий вазият ҳисобига логистика харажатларини қоплаш бўйича экспортчи корхоналарни қўллаб-қувватлашни изчил давом эттирилади. Улар учун молиявий имкониятларни янада кенгайтирилади. Бунда логистика харажатларини компенсация қилишга қўшимча 100 миллион доллар, маҳсулотларни хорижда сертификатлаш, халқаро стандартларни жорий қилиш ва бу борада мутахассис тайёрлашга яна 25 миллион доллар ажратилади.

Келгусида “Янги Ўзбекистон – рақобатбардош маҳсулотлар юрти” дастури билан қамраб олинадиган корхоналар сонини 500 тага етказилади. 

Экспортни кенгайтириш бўйича яна бир катта имконият – бу нуфузли хорижий брендларни мамлакатимизга жалб қилиш ҳисобланади. Мисол учун, йиллик бозори 100 миллиард доллардан ошадиган дунёнинг энг машҳур 50 та бренди корхоналаримиз билан ишлашга катта қизиқиш билдирмоқда.

Хусусан, Испания, Германия, Польша, Туркиянинг йирик брендлари билан музокаралар ўтказилмоқда. Улар ҳозирнинг ўзида маҳаллий корхоналаримизга 3 миллиард долларлик буюртма беришга тайёр. Бу эса мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга бўлган мустаҳкам ишонч борлигидан далолат беради.

Хулоса ўрнида нима дея оласиз?

– Хулоса қилиб айтишим мумкинки, режалаштирилган лойиҳаларнинг амалга ошиши натижасида, биринчи навбатда, янги иш ўринларини ташкил этиш орқали жойларда аҳоли турмуш даражасини ўсиши ва фаровонлигини таъминлашга замин яратади.

Иккинчидан эса, солиқ, божхона ва бошқа тўловлар кўпайиши ҳисобига тадбиркорлик субъектларининг мамлакат иқтисодиётига қўшадиган ҳиссаси ортади. 

Бундан ташқари ушбу лойиҳаларнинг рўёбга чиқарилиши мамлакатимиз экспорт салоҳияти ошириб халқаро бозорда “ўзбек бренди” шаклланишига ва унинг мавқеи ошишига ўз ҳиссасини қўшиши аниқ.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan