
АҚШнинг Колорадо штатида полиция ходими қўлида маркер бўлган эркакни отиб ўлдирди. Бу ҳақда “NBC News” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, мазкур воқеа Денвер шаҳрида содир бўлган. Полиция ходими бир оилага зўравонлик бўлаётгани ҳақидаги қўнғироқдан кейин воқеа жойига борган. Чақирув бўйича келган ходим 36 ёшли эркак қўлидаги маркер билан шубҳали тарзда ўзи томонга юриб келаётганини кўриб, унга икки марта ўқ узган. Оқибатда эркак воқеа жойида ҳалок бўлган.

“Полициячи фломастерни пичоқ деб ўйлаб, шундай йўл тутган бўлиши мумкин”, дейилади хабарда.
Юқоридаги ҳолат полиция ходимининг бодикамерасига тушиб қолган. Унда ходим эркакнинг орқасида ёш боласи бор аёл турганига қарамай, ўқ узгани тасвирланган. Дастлабки маълумотларга кўра, аёл ва болага шикаст етмаган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан тегишли тартибда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.