ДУНЁ

Бешта сайёра бир сафда: 17 июнь сайёралар паради кузатилади

Қуёш тизимининг 5 та сайёраси, яъни Сатурн, Нептун, Юпитер, Уран ва Меркурий 17 июнь куни бир сафда тизилади. Бу ҳақда Science Alert хабар берди.

Ушбу астрономик ҳодисани кўриш учун осмон жуда тиниқ бўлиши керак ва осмон жисмларини яхшироқ кузатиш учун дурбин ёки кичик телескоп керак бўлади. Астрономлар сайёралар шу тартибда 16 июнда ва 18 июнда кўринса ҳам, айнан 17 июнда улар тунги осмонда айниқса ёрқин кўринишини айтмоқда.

Сайёраларнинг ноёб парадини қандай кўриш мумкин?

17 июнь, шанба куни қуёш чиқишидан тахминан бир соат олдин, шарққа қараш керак. 5 сайёранинг энг ёрқини бўлган Юпитер кўринади, уни ҳатто оддий кўз билан ҳам аниқлаш осон. 

Юпитердан сўнг, бир оз юқорига ва ўнгга қараш керак. Жануби-шарқда Сатурн кўринади, у Юпитер каби ёрқин ва катта бўлмайди.

Шундан сўнг Меркурийни қидириш керак, у Юпитердан бир оз чап, пастда жойлашган ва уни махсус қурилмаларсиз кузатиш мумкин.

Ердан энг узоқда жойлашган сайёралар — Уран ва Нептунни қидириш билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлиши мумкин. Улар жуда хира ва ҳатто осмон жуда мусаффо бўлса ҳам, уларни кўриш учун дурбин ёки телескоп керак бўлади.

Масалан, Нептунни Юпитер ва Сатурн орасида, Уранни Меркурий ва Юпитер ўртасида қидириш керак. Барча 5 сайёра шу тартибда жойлашади: Меркурий, Уран, Юпитер, Нептун, Сатурн.

Кейинги сафар сайёралар парадини 2040 йил 8 сентябрда кўриш мумкин.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan