ЎЗБЕКИСТОН

Тошкентда 9-қаватда ёлғиз қолган 4-яшар болани қутқариш учун қутқарув хизмати келмагани айтилди. ФВВ ҳолатга изоҳ берди

Ижтимоий тармоқларда «Тошкентда 9-қаватда ёлғиз қолган 4-яшар болани қутқариш учун қутқарув хизмати келмади» сарлавҳаси остида видеролик тарқалди. Ҳолат бўйича, ФВВ расмий муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, бу воқеа 23 май куни Тошкент шаҳрининг Яшнобод тумани, Тузел-1 массивида жойлашган кўп қаватли уйлардан бирида содир бўлган. Хонадонда катталар назоратисиз ёлғиз қолган 4 ёшли боланинг йиғисини қўшнилар эшитган. Онаси келгунига қадар қўшнилар болани тинчлантириб туришган.

Ҳозирда қутқарув гуруҳининг мурожаат келиб тушган манзилга ўз вақтида етиб боришига масъул бўлган ходимларга нисбатан хизмат текшируви ўтказилмоқда. Текширув Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи назоратига олинди. Айбдор ходимлар интизомий жавобгарликка тортилади.

Маълумот ўрнида шуни таъкидлаймизки, Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси навбатчилик бўлимига ҳар куни турли вазиятларда қолган ва қутқарувчилар ёрдамига муҳтож бўлган фуқаролардан 400 дан 600 тагача мурожаат келиб тушади. Қутқарув гуруҳининг ушбу қўнғироқда айтилган манзилга ўз вақтида етиб бормаганлиги жуда кам учрайдиган ҳодисадир.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan