Бугун, 31 май куни соат 05:11 да Шўрчи тумани “Боботоғ” маҳалласи Мустақиллик кўчасида жойлашган икки қаватли аралаш моллар савдо дўконининг 2-қаватининг 85 кв метр майдонида ёнғин содир бўлган ва бинонинг шифт қисми ёнган. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги Матбуот хизмати хабар берди.

«Воқеа жойига ёнғин-қутқарув экипажлари соат 05:14 да етиб бориб, ёнғин соат 05:19 да қуршаб олинган ва соат 06:05 да батамом ўчирилган.
Ёнғин қутқарувчиларининг сай ҳаракатлари натижасида бинонинг 1-қавати ҳамда 320 кв метр жойи сақлаб қолинган. Воқеа жойига Фавқулодда вазиятлар органлари масъуллари ва бошқа мутасаддилар етиб боришган. Ёнғин оқибатида тан жароҳати олганлар йўқ.
Ҳозирда ёнғин келиб чиқиш сабаблари ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда», – дейилади хабарда.