ЖАМИЯТ

Телефондаги қармоқ

Атрофимизга назар ташласак, кун ора телеграм орқали “Табриклаймиз, сиз пул мукофоти ютиб олдингиз. Уни қуйидаги ҳавола орқали қўлга киритишингиз мумкин”, ёки бўлмаса «Менга овоз беринг 1 рақамдаман» деган хабарлар келади. Бу  хабарлар ишонган ва таниган инсонлардан келганда, биз иккиланмай унга ишонамиз. Ваҳоланки, кўр кўрона ишониш нечоғлиқ тўғри деб ўйлайсиз?

Айнан шундай холатни бошдан кечирган ҳамкасбимиз фикрлари телеграм орқали келаётган хабарларнинг барчаси ҳам рост бўла олмаслигини  исботлайди.

-Бир неча йиллардан буён ўзим таниган инсондан телеграм орқали хабар келди. «Менга овоз беринг 5-рақамдаман» деган мазмунда.-дейди “Тиббиёт ва ҳаёт” газетаси бош муҳаррири  Ғайрат Худойбердиев. -Ёлғон хабар тарқатмаслиги, жамиятда фаол инсонларидан бири бўлганлиги учун бирор танловга номзодини қўйган эканда, дея ишониб линк орқали овоз беринг деган қисмини босдим. Аммо ҳеч қандай танлов эмаслигини ва алданганлигимни кейин англадим. Чунки бу мазмундаги хабар мен линкни босган онда  менинг  телефонимда кимнинг рақами сақланган бўлса, барчасига юборилганлигини билдим. Жуда қийинчилик билан ўчиришга харакат қилдим. Тўғри ҳозир тўғирлаб олдим, аммо вақтимни хам ушбу ҳолат олди ва энг ёмони менга ишонган инсонларнинг ҳам шундай қийин вазиятга тушиб қолишига сабабчи бўлдим.

Гоҳида юқоридагидек мобил телефонимизга шу мазмундаги турли хабарлар юборилади. Кўпчилик эса унинг ёлғон эканини билмай, шошқалоқлик оқибатида фирибгарлар қўйган тузоқ қурбонига айланади. Бугунги кунда интернетдаги фирибгарлик ва онлайн пул ўмариш ҳолатлари кун сайин ортиб бормоқда. Алданган ва жабрланганлар эса саноқсиз. 

Европа Иттифоқининг Киберхавфсизлик агентлиги (ENISA) томонидан 2022-йилда жаҳон бўйича такрорийлиги ва зарарига кўра энг юқори бўлган 5 та киберҳужум турлари маълум қилинган. Улар ичида энг кенг тарқалгани бу – киберфирибгарлик яъни фишингдир.

Фишинг нима дерсиз? Фишинг бу – интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали фойдаланувчининг махфий маълумотлари, банк картаси, шахсий ҳисоб рақамининг логин ва паролларини ўғирлаш учун ишлатиладиган интернет фирибгарлигининг бир тури.

Бу худди балиққа қармоқ ташлаб қўйганга ўхшайди. Шунинг учун ҳам унинг номи – фишинг, балиқ овлашдир, яъни бунда одамларни қармоққа илинтиришдир. Бунда электрон почтага, ижтимоий тармоқ саҳифалари ва мессенжерларга келган номаълум хабарларни очиш, хавфсиз бўлмаган саҳифалар орқали тўловларни амалга ошириш, сайт ҳаволасининг ҳақиқий ёки фейк эканини текширмаслик, айниқса телеграм орқали келаётган хабарларга эътибор бермаслик уларнинг қармоғига илиниб қолишига олиб келмоқда.

Юқорида маълумотларни ўқиган ҳар бир инсон “Менда ҳам худди шундай вазият бўлган”, деб ўйласангиз, ажаб эмас, чунки виртуал фирибгарлар тузоғига илинганлар сони кундан кунга кўпайиб бормоқда. Бундан ҳимояланиш эса фақат ўзимизга боғлиқ.

Мастура Хамраева

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan