ЖАМИЯТ

Мактабларда сўнгги қўнғироқ тадбирлари ўтказилмайдими? Вазирлик изоҳ берди

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистондаги мактабларда сўнгги қўнғироқ тадбирлари таъқиқлангани ҳақида хабарлар тарқалди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳолатга изоҳ берди.

Вазирликка кўра, Ўзбекистон мактабларида сўнгги қўнғироқ куни билан боғлиқ тақиқлар ҳеч қандай асосга эга эмас.

Аввалроқ вазирлик томонидан мактабларда “Сўнгги қўнғироқ” тадбирларини ўтказиш бўйича зарур тавсиялар ишлаб чиқилган эди.

Унга кўра:

  • умумий ўрта таълим муассасаларида “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари 2023-йил 25-май куни соат 8:00 дан 9:00 га қадар “Илмни қадрланг, илмга интилинг!” шиори остида ташкил этилади;
  • тадбирга мактабдаги ўқувчилар сонидан келиб чиққан ҳолда фақатгина 1-, 4-, 9-, 11-синф ўқувчилари жалб этилади;
  • маҳалла фаоллари, ота-оналар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакиллари билан ҳамкорликда ёнғин ва техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилиш ва бошқа зарур чораларни кўриш таъминланади;

Шунингдек, тадбир давомида:

  • мактаб ҳаётида фаол иштирок этаётган, шунингдек, одоб-ахлоқи, интилувчанлиги билан тенгдошларига ўрнак бўлаётган ўқувчиларнинг ота-оналарига “Энг фаол ота”, “Жонкуяр она”, “Масъулиятли ота-она”, “Аълочи ўқувчи отаси”, “Билимли қиз онаси” каби номинациялари бўйича ташаккурномалар берилади;
  • 2022-2023-ўқув йили давомида намунали хулқ ва аъло баҳоларга ўқиб, энг юқори рейтинг кўрсаткичларига эришган иқтидорли битирувчилар тақдирланади;
  • фахрий ўқитувчилар, ота-оналар, касаба уюшмаси, маҳалла ва ҳамкор ташкилотлар, шунингдек, ўрнак бўладиган мактабнинг собиқ битирувчилари таклиф этилади.
  • 2022-2023-ўқув йилини якунлаш ва “Сўнгги қўнғироқ” тадбирларини ўтказиш давомида қуйидагилар тақиқланади:
  • “Сўнгги қўнғироқ” тадбирларини, босқичли назорат имтиҳонлари ва якуний давлат аттестасияларини ўтказишда, таълим муассасаларини янги ўқув йилига тайёрлаш борасида ўқувчи ва битирувчилар ҳамда уларнинг ота-оналаридан турли хил пул маблағларини йиғиш;
  • умумий ўрта таълим муассасалари раҳбарлари ҳамда ўқитувчиларга битирувчилар томонидан турли қимматбаҳо совғалар тақдим этиш, қўшимча турли тантанали тадбирларни ўтказиш, енгил автомашиналарда сайр ташкил этиш.

«Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимдаги барча ходимлар, ота-оналар ҳамда кенг жамоатчилик вакилларидан жорий ўқув йилини якунлаш ва “Сўнгги қўнғироқ” тадбирларини ўтказишда мазкур тавсияларга амал қилишларини сўраб қолади»,дейилади хабарда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan