ХАБАРЛАР

Камбағал оила аъзоси даромад солиғидан озод қилинади

Агар тадбиркор камида 20 фоиз камбағал оила аъзосини бир йил давомида иш билан таъминласа, мол-мулк ва ер солиқларидан озод қилинади.

Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлашда янги босқичга ўтиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда.

Йиғилиш давомида ҳар йили касб-ҳунарга ўқитишга 200 млрд сўм ажратилаётгани, аммо бу маблағлар тадбиркорлик субъектларининг мутахассисларга эҳтиёжи билан боғланмагани кўрсатиб ўтилди.

Шу мақсадда 1 июндан бошлаб «20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис» дастури амалга оширилади.Дастурга 2023-2024 йилларда жами 1 млрд доллар ажратилади.

Бу маблағлар ҳисобидан:— камбағал оилалар аъзосини касбга ўқитиб, ишли қилиш бўйича лойиҳа аҳамиятига қараб, амалдагидан паст фоизларда ва узоқроқ муддатга кредит берилади;

— тадбиркорнинг «амалий мономарказ» ташкил қилиш ва жиҳозлаш ҳамда касбга ўқитиш харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.

Дастурда иштирок этадиган тадбиркорларга солиқлардан алоҳида имтиёзлар берилади.

Жумладан:

— камида 20 фоиз камбағал оила аъзосини бир йил давомида иш билан таъминласа, мол-мулк ва ер солиқларидан озод қилинади;

— камбағал оила аъзоси даромад солиғидан озод қилинади;

— 5 млн сўмгача иш ҳақи тўлаётган тадбиркорларга ижтимоий солиқ ставкаси 2 бараварга камайтирилади.

Шунингдек, дастурда қатнашадиган тадбиркорлар солиқ ва божхона маъмурчилигида енгилликлар олади.

Жумладан:

— улар фаолиятида солиқ текширувлари ўтказилмайди;

— уларга қўшилган қиймат солиғи, шунингдек, ортиқча тўланган солиқлар текширувсиз қайтариб берилади;

— қўшилган қиймат солиғи бўйича гувоҳнома муддатидан илгари бекор қилинмайди;

— барча солиқлардан қарздорликни бир йилгача кечиктириб тўлаш имкони берилади;

—  божхона тўловларини суғурта кафолатисиз олти ойга бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan