ДУНЁ

Бугун Туркияда президентлик ва парламент сайловлари бўлиб ўтади

Туркияда бугун, 14 май куни 28-чақириқ президентлик ва парламент сайловлари бўлиб ўтади. Сайлов участкалари эрталаб соат 8:00 да очилди ва маҳаллий вақт билан 17:00 да ёпилади. Бу ҳақда Анадолу ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Хабарда айтилишича, Республика бўйича жами 191 885 та сайлов қутилари ўрнатилган.

Туркия ва хорижда 64,1 миллиондан ортиқ сайловчи овоз беради. Тахминан 4,9 миллион киши биринчи марта овоз беради.

Сайловчилар шахсини тасдиқловчи расмий ҳужжатлардан бири билан овоз беришлари мумкин.

Сайловчиларга 2 та бюллетен берилади: президент ва депутатлар учун. Сайловчилар иккита алоҳида бюллетенни битта конвертга солиб, сайлов қутисига ташлайдилар.

Туркия МСК феврал ойидаги зилзилалардан жабр кўрган мамлакатнинг 11 вилоятида овоз беришни ўтказиш учун зарур чораларни кўрди. Бу ҳудудларда сайлов қутилари махсус идишлар ва мактабларга ўрнатилган.

Хорижий сайлов участкаларида 3,4 миллиондан ортиқ киши овоз беришда иштирок этиши мумкин эди. Улар учун 73 та давлатда ва 156 та хорижий ваколатхоналарда сайлов комиссиялари тузилди. Туркиянинг хорижий ваколатхоналарида овоз бериш жараёни 9 май куни якунланди.

Туркиядаги президентлик сайловларида уч номзод – амалдаги давлат раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдўғон, мухолифатдаги Жумҳурият Халқ партияси етакчиси Камол Қиличдорўғли ва “АТА Аллианcе” блокидан номзод Синан Ўғон иштирок этмоқда.

“Она Ватан” партияси раиси, Туркия президентлигига номзод Муҳаррем Инже 11 май куни номзодликдан воз кечишини маълум қилди.

Сайловда иштирок этиш учун 24 та сиёсий партия ва 151 нафар мустақил номзод рўйхатга олинган.

Агар биринчи турда номзодлардан ҳеч бири мутлақ кўпчилик овозни қўлга кирита олмаса, иккинчи тур 28 май куни бўлиб ўтади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan